Ўзбекистон янгиликлари

Рамазон ойининг биринчи куни бўйича видео-конференция

2020 йил 13 апрель куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатлари мусулмонлари идораларининг масъул ходимлари иштирокида видео-конференция ўтказилди.

Онлайн мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, бўлим мудири Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов, Қозоғистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Сансызбай Шоқанов, мудир ўринбосари Ҳасан Аманқулов, Қирғизистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши раиси Абибилла Кадырбердиев ва мазкур мамлакатлар диний идораларининг масъул ходимлари иштирок этди.

Суҳбатда милодий 2020 йил, ҳижрий 1441 йил Рамазон ойи ва ҳайитининг биринчи кунини (янги ой ҳилолини) кузатиш, ҳозирги пандимея даврида жамоат билан таровиҳ намозини ўқиш, масжидларда хатми Қуръонлар қилиш, жамоавий ифторлар уюштиришни вақтинча чеклаш ҳамда закот, фитр садақаси ва фидя миқдорини белгилаш борасида ўзаро фикрлар алмашилди.

Айниқса, карантин даврида жамоат билан таровиҳ намозини ўқиш, масжидларда кўпчилик билан хатми Қуръонлар уюштириш ва жамоавий ифторлар ўтказиш айни кунларда инсон ва жамият саломатлиги учун катта хавф эканига иттифоқ қилинди. Шунингдек, фитр садақаси буғдой, ун, арпа, майиз ва хурмо маҳсулотларининг нархи билан ҳисоблаб, эълон қилишга келишилди.

Ушбу мажлисда уламолар Ислом дини манбалари ва астрономик маълумотларга таянган ҳолда 2020 йилда Рамазон ойи ва ҳайитининг биринчи куни қайси кунга тўғри келиши Шаъбон ойини кузатиб бориш ва Рамазон ойи ҳилолини аниқлаш бўйича келгусида ушбу давлатлар муфтийлари билан кенгашиб, кейин эълон қилинишига хулоса қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Рамазони шариф ойи ҳадиси шарифга биноан ҳилолнинг кўриниши билан бошланишини инобатга олган ҳолда Рамазон ойи ҳилолининг кўриниши қайси кунга тўғри келишини аниқлаш борасида Абу Райҳон Беруний номидаги Астрономия институти мутахассислари билан ҳам ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Инша Аллоҳ, яқин кунларда 2020 йилги Рамазон ойининг қайси куни бошланиши эълон қилинади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмат

2785 марта ўқилди

Янгиликлар

Top