Ўзбекистон янгиликлари

“Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим  муассасаси иш-фаолиятини бошлади

Сурхондарё вилоятида ташкил этилган “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси Адлия вазирлигининг 2020 йил 8 июндаги 24-сон гувоҳномасига асосан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Бугун, 9 июнь куни мазкур гувоҳнома Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков томонидан ушбу таълим муассасаси директори Шукрулло Умаровга топширилди.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган таълим муассасаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим маскани ҳисобланиб, динлар тарихи ва назариясини чуқур эгаллаган, Ислом дини асосларини яхши ўзлаштирган, ватанга садоқат руҳида тарбияланган, ўрта махсус диний маълумотли ислом шариати ва ҳадис илмлари мутахассиси ҳамда имом-хатиблар тайёрланади.
Аввал хабар берганимиздек, таълим муассасасига 2020-2021 ўқув йили бўйича абитуриентлар қабул имтиҳонлари асосида ўқишга қабул қилинади. Ҳужжатларни қабул қилиш шу йил 15 июндан бошлаб онлайн масофавий шаклда амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Салоҳиддин ШЕРХОНОВ,
Таълим ва илмий-тадқиқот
бўлими мудири

2135 марта ўқилди

Янгиликлар

Top