Ўзбекистон янгиликлари

Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра  вазирлигининг қарори юзасидан  РАСМИЙ БАЁНОТ

Ассалому алайкум, ҳурматли юртдошлар!
2020 йил 23 июнь куни “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш Саудия Арабистони Подшоҳлиги томонидан “Ҳаж-2020” мавсуми бўйича қабул қилинган қарор муҳокамасига бағишланди.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 27 февраль кунидан бошлаб коронавирус пандемияси сабабли Саудия Арабистони Подшоҳлигига кириш таъқиқлаб қўйилди ва 14 март куни эса, Ташқи ишлар вазирлиги орқали Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирининг “Ҳаж-2020” мавсумининг ташкилий ишларини кечиктириб туриш тўғрисидаги расмий хати олинди.

Мавжуд маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда Саудия Арабистони Подшоҳлигида кескин эпидемиологик вазият сақланиб қолмоқда. Ҳар куни ўртача 4000 га яқин вирус билан касалланиш, 35-40 та ўлим ҳолати кузатилмоқда.

Саудия Арабистони қироли – Икки Муқаддас Ҳарам хизматчиси қирол Салмон бин Абдулазиз ана шундай инсон саломатлиги учун мураккаб вазиятни инобатга олиб, «Ҳаж-2020» мавсуми учун чет элдан зиёратчиларни қабул қилмаслик ҳақидаг и таклифни қўллаб-қувватлади ҳамда жорий йилнинг 22 июнь куни мамлакат ичида бўлиб турган чекланган миқдордаги зиёратчилар учун ички ҳаж мавсумини ташкил этиш бўйича барча тегишли чораларни кўриш тўғрисида қарор қабул қилди.

Саудия ҳукуматининг ушбу қарори Саудия уламолари Кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Ислом олами уюшмаси, Мисрдаги Ал-Азҳар мажмуаси ҳамда “Дорул ифто” фатво ҳайъати ва бошқа кўплаб илмий марказлар томонидан маъқулланди.

Юқоридагиларга асосланган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши Саудия Арабистони қироли – Икки Муқаддас Ҳарам хизматчиси қирол Салмон бин Абдулазизнинг ҳожилар манфаатлари, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишни таъминлаш нуқтаи назаридан қабул қилган ушбу қарорини қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, Жамоатчилик кенгаши жорий йилги ҳаж сафарига боришни режалаштирган фуқароларимизнинг навбати тўлиқ сақланган ҳолда кейинги йилга ўтказилишини эслатиб ўтади.

Инсоният бошига тушган бу синовли кунлар тезда ўтиб кетишини Яратгандан сўраб қоламиз.
Эътиборингиз учун раҳмат!

Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати

2506 марта ўқилди

Янгиликлар

Top