Ўзбекистон янгиликлари

Нодир ва нафис китоблар тақдимоти

Шу йил 2 июль куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида беш тилга таржима қилинган “Темур тузуклари” ва Махтумқули ғазалларидан иборат “Ошиқлар ҳақ ишқинда” китоблари тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директорининг ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари, Марказ илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи Мирзо Кенжабек, зиёлилар, марказ ходимлари, ОАВ ходимлари иштирок этди.


Бебаҳо меросларимиз намуналарини асраб-авайлаш, илмий ўрганиш ва уларни кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш Ислом цивилизацияси маркази фаолиятининг устувор йўналишларидан бири. Ушбу беназир мерос намуналари халқимиз, айниқса, ёшларимиз онгида Ватанга муҳаббат, одоб-ахлоқ, юксак маънавий баркамоллик, ҳалоллик ва поклик каби тушунчаларнинг шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.


Буюк саркарда, жаҳонгашта бобомиз Амир Темур ҳазратларидан беқиёс тарихий манба сифатида авлодларга мерос қолган “Темир тузуклари”нинг беш тилда (ўзбек, форс, рус, инглиз ва франсуз) бир жилд шаклида жамланиб, нашр қилинди. Ушбу китоб Марказ директори Шоазим Миноваров раҳбарлигидаги илмий ходимлар томонидан нашрга тайёрланди. Асар ўзига хос шарқона безаклар асосида замонавий кўринишда ўқувчиларга тақдим қилинди.


Шунингдек, шоир, таржимон ва адиб Мирзо Кенжабек туркий халқларнинг севимли шоири Махтумқули Фироғийнинг диний шеърларидан иборат ижод намуналарини таржима қилиб, “Ошиқлар ҳақ ишқинда” номи остида нашрга тайёрлади.
Ушбу китоблар халқимиз маънавий бойлиги ва нуфузини оширишга хизмат қилади, инша Аллоҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1990 марта ўқилди

Янгиликлар

Top