Ўзбекистон янгиликлари

“Сузук ота” мажмуасини сақлаш учун қўшимча маблағлар ажратилди

Вазирлар Маҳкамаси “Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Мустақиллик майдонини кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва сақлаш департаментини махсус техника ва автотранспорт воситалари билан таъминлаш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Бу ҳақда norma.uz хабар берди.

Унга кўра, Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида барпо этилган “Сузук ота” мажмуасида ободонлаштириш, сунъий суғориш иншоотлари ва кўкаламзорлаштириш объектларини қуриш ишлари якунлангани ҳамда мажмуани сақлаш ва ундан фойдаланиш Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Мустақиллик майдонини кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва сақлаш департаментига (кейинги ўринларда – Департамент) юкланди.

2020-2021 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Департаментни таъминлаш учун махсус техника ва автотранспорт воситалари рўйхати иловага мувофиқ (14 та) ва ходимлар штатини ошириш (+ 33 та) тасдиқланди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигига 2020 йилда қўшимча штат бирликлари, “Сузук ота” мажмуасидан фойдаланиш ва сақлаш харажатларига ҳамда махсус техника ва автотранспорт воситаларини харид қилиш учун зарур маблағларни Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан ажратиш топширилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Молия вазирлигига 2021 йилдан бошлаб Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети параметрларини шакллантиришда “Сузук ота” мажмуасидан фойдаланиш ва уни сақлаш харажатларига ҳамда махсус техника ва автотранспорт воситаларини харид қилиш учун зарур маблағларни назарда тутиш белгиланди.

Маълумот учун, ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 6.08.2020 йилдан кучга кирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1784 марта ўқилди

Янгиликлар

Top