Ўзбекистон янгиликлари

Республика махсус комиссиясининг мамлакатимиз аҳолисига мурожаати

Муҳтарам Ватандошлар!

Авваламбор, барчангизни яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги билан чин юракдан самимий табриклаймиз.

Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистоннинг янги, очиқ, демократик ва инсонпарвар қиёфаси яратилмоқда. Жонажон халқимизнинг эртага эмас, бугун бахтли яшаши учун амалга оширилаётган мазкур ислоҳотларнинг таъсирини ҳар бир юртдошимиз ўзи ва оиласи мисолида кўриб, сезиб турибди.

Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғу бўлганидек, ҳаёт ҳам турли синов ва қийинчиликлардан иборат. Буни бутун ер юзи аҳолисини жиддий ташвишга солаётган хавф – пандемия мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бизга ҳам, афсуски, бу синов етиб келди. Кутилмаганда ҳаёт тарзимизни, одатларимизни, бир маромда кетаётган жараёнларни ўзгартиришимизга, янги талаб ва шартлар асосида яшашга ўрганишимизга тўғри келди.

Беш ойдан ортиқ вақт давомида давлатимиз раҳбарининг топшириқлари ва кўрсатмаларига мувофиқ бу хатарни имкон қадар кам талафот билан енгиб ўтиш учун барча зарур чораларни кўриб келмоқдамиз.

Кўрилган самарали чора-тадбирлар ҳамда тиббиёт ҳодимларининг фидокорона хизматлари натижасида бугунги кунга келиб Ўзбекистонда коронавирус юқтирган жами 40 мингдан ошиқ фуқароларимизнинг қарийиб

38 мингга яқини ёки 93 фоизи соғайди, 2 минг 700 дан зиёд беморни даволаш ва оиласи бағрига қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Вазият айниқса Тошкент шаҳрида ижобий томонга ўзгармоқда. Яқинда Россия, Германия ва Хитойдан таклиф этилган шифокорлар ҳудудлар ўртасида тақсимлангани, хорижлик экспертлар асосан оғир аҳволдаги касалларни энг замонавий услублар асосида, тизимли равишда даволашга жалб этилгани ўзининг яхши самарасини берди.

Мазкур йўналишда амалга ошираётган шу ва бошқа чора-тадбирларимиз яқин кунларда ўзининг ижобий самарасини кўрсатишига, барча юртдошларимиз янада жипслашиб, ҳар томонлама тартиб-интизомни сақлаган ҳолда, юксак онглилик ва масъулият кўрсатиб, мўътабар кексаларимизнинг дуои фотиҳалари билан бу синовдан эсон-омон ўтишимизга, қаттиқ ишонамиз.

Касаллик тарқалишининг суръатини пасайтириш ва жараённи жиловлаб туришда оммавий тадбирлар ва турли маросимлардан воз кечишнинг аҳамияти катта эканини бугун яхши англаб етдик. Халқимиз саломатлиги ҳар нарсадан устун туришини, инсон ҳаёти энг олий қадрият эканини ҳам пандемия даври бизга яна бир бор эслатди, кўрсатди.

Вужудга келган мураккаб шароитни ҳисобга олиб, бу йилги қатор байрамлар ва оммавий тадбирлар ўтказишни вақтинча тўхтатганимиздан барчангиз хабардорсиз.

Мана, юртимиз мустақиллигининг 29 йиллик айёми ҳам яқинлашиб келяпти. Давлатимиз раҳбарининг топшириқларига мувофиқ, пандемия шароитида мазкур буюк санани нишонлаш тартибини келишиб олиш учун соғлиқни сақлаш тизмининг вакиллари билан маслаҳат қилдик. Албатта, бунда ҳам асосий вазифа – халқимиз саломатлигини асраш нуқтаи назаридан масалага ёндашилди.

Пандемия билан боғлиқ вазият бу йил жойларда катта йиғин ва оммавий сайиллар ўтказишни, шунингдек, боғ ва кўнгилочар майдончаларда концерт дастурлари ташкил этишни, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида мушакбозликларни чеклашни талаб қилмоқда. Шунинг учун ушбу улуғ санани кўпроқ оила даврасида нишонлашни ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деган қарорга келдик.

Корхона ва ташкилотларда ҳам байрам тадбирлари режалаштирилган тақдирда, уларни санитария нормаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш кераклигини алоҳида таъкидламоқчимиз.

Ушбу кунлар биз учун ҳар қачонгидан-да синовли бўлади. Кўрилаётган чоралар қанчалик натижа бериши тез орада аён бўлади.

Шу муносабат билан, ҳар биримиз пандемия шароитида яшаш ва ишлашга, ҳаракатларимизда эпидемилогик талабларга сўзсиз амал қилишга одатланишимиз керак.

Шу боис, ҳокимлар, сектор раҳбарлари ва вазирларга доимий равишда вазиятни таҳлил қилиб, COVID-19 тарқалишини қатъий чеклаш, беморларни самарали даволаш ва эҳтиёжмандларга ёрдам бериш бўйича барча чораларни кўриб бориш топширилади.

Азиз ва муҳтарам юртдошлар!

Насиб этса, тез орада бу ташвишли кунлар ортда қолади. Бундай сайил-томошаларни, тўю тантаналарни аъло кайфиятда эл-юртимиз билан биргаликда ҳали жуда кўп ўтказамиз. Зеро, соғ-саломат ота-она бағрида ўйнаб-кулиб юрган фарзандларимиз, дуою фотиҳалари ва маслаҳатлари билан бошимизга тож бўлиб турган ота-оналаримиз даврасида байрамни нишонлаш ҳам катта неъмат эканини бугун ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ англаб турибмиз.

Ўзингизни ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг!

Мустақиллик айёмингиз муборак бўлсин!

1677 марта ўқилди

Янгиликлар

Top