Ўзбекистон янгиликлари

Адлия вазири: Ҳаром-ҳалол тушунчаси коррупцияга келганда ишламай қолади

Адлия вазири Русланбек Давлетов иштирокида сентябрь ойида вазирликда коррупцияга қарши кураш тизимининг яратилиши ва бу борада эришилган натижаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. «Дарё» мухбири Миролим Исажоновнинг хабар беришича, Давлетов коррупцияга қарши курашда ҳаром-ҳалол диний тушунчасининг самарадорлиги қай даражада эканлиги тўғрисидаги саволга ўз муносабатини билдирди.
«Ҳаром ва ҳалол тушунчаси, албатта, дин муносабатлари билан боғлиқ. Биз бундан фаолиятимизда фойдаланишимиз мумкин. Чунки Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоизи мусулмон, ота-онасидан ҳаром-ҳалолни ўрганади, улар ҳаёти давомида тарбия кўради. Аммо бу фақат коррупцияга келганда ишламай қолади. Агар ишлаганида, бундай бўлмасди, сабаби ҳаммамиз мусулмонмиз.
Давлат бошқаруви, коррупция бу бошқа нарса. Ҳаром-ҳалолни кўпинча оддий нарсаларда бажариш жуда зўр. Озиқ-овқатга келганида, бу ҳаром овқат, чунки ҳалол овқатни альтернативи жуда кўп. Ҳаром овқатни четга суриб, ҳалолини истеъмол қилиш мумкин. Лекин коррупцияда альтернатив йўқлиги учун, бу кўп ҳолатларда ишламаяпти. Мусулмон мамлакатларга эътибор қилинг, уларда коррупция билан боғлиқ кўплаб муаммолар мавжуд.
Бирлашган Араб Амирлиги коррупцияга қарши курашда дунё бўйича 23-ўринда турибди. Таҳлил қилсангиз, Дубайда коррупцияга қарши жуда кучли тизим яратилган. Охирги 20-25 йил ичида катта ўзгаришлар қилинди. Бу давлат дунёга машҳур хорижий консалтинг агентликлари ва аудиторларни жалб қилиш орқали уларга миллионлаб доллар бериб, давлат органлари фаолиятини баҳолатади. Улар бу тизимга миллионлаб маблағни бекордан-бекорга сарфлаётгани йўқ.
Агар коррупция фақат ҳаром-ҳалол билан ҳал бўлганида эди, биз қачонлардир бу муаммодан қутулган бўлардик. Аммо шунга қарамай, ҳаром-ҳалол тушунчаси жуда яхши, биз уни болаликдан сингдириб, ривожлантиришимиз керак. Барча динларда бировдан пора олиб, ишни битириш гуноҳ, деб қаралади. Бизнинг Ислом динимизда ҳам бу жуда катта гуноҳ. Шу боис коррупцияга қарши кураш каби ижтимоий мақсадларда мана шундай диний тушунчаларни ишлатишимиз керак. Бу катта ёрдам беради», — деди Адлия вазири.
Давлетов ўз нутқида коррупцияга қарши кураш уни 30 фоизга ҳам қониқтирмаслигини таъкидлади.
«Тизим ичидаги муаммолардан ўзимиз яхши хабардормиз. Билганларимдан бири шуки, гап таъсир қилмайди. Масалан, сиз йиғилиш ўтказасиз, жуда қаттиқ гапирасиз, куюнасиз, ҳатто ўлиб кетасан, қаматамиз, деганиз билан ҳам таъсир қилмайди. Буни қисқа муддатда таъсири бўлиши мумкин. У 10 кундан кейин ҳаётдаги реал муаммоларга дуч келганида сўзларингизни унутади. Шунинг учун ҳар томонлама ўйлашимиз керак: у нимага кўпроқ мойил, унга ойлик кўп тўлаяпмизми ёки йўқми?
Ли Кванг Юнинг битта гапи бор: «Инсофсиз ходимларга кўпроқ ойлик тўлашимизнинг фойдаси йўқ». Нопок ходим катта маошини олиб ҳам шу ишини давом эттираверади. Шу сабабли биз тизимни тозалашимиз ва ҳақиқатан шунга лойиқ бўлган ходимларга оширилган иш ҳақини тўлашимиз керак. Қисқаси, бу борада қиладиган ишларимиз ҳали жуда кўп», — деди Русланбек Давлетов.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

2041 марта ўқилди

Янгиликлар

Top