Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистоннинг тарихий объектлари реставрациясига Эрон мутахассислари жалб этилади

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Эрон Ислом Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Наерободий билан музокаралар ўтказди.
Учрашув доирасида туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни кучайтиришга доир келишувга эришилди. Томонлар туризм соҳасида COVID-19 пандемияси асоратларини юмшатиш бўйича ўзаро тажриба алмашишди, пандемия билан боғлиқ вазиятни ҳисобга олган ҳолда, халқаро туристик саёҳатларни тиклашга доир биринчи даражали чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Маълумот учун: 2019 йил маълумотларига кўра, Эрон аҳолиси 83 миллион кишини ташкил қилади, шулардан 6 миллиондан ортиғи Туркия, Озарбойжон, Грузия, Ироқ ва БАА каби хорижий давлатларга саёҳатларни амалга оширган.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, ўтказилган музокараларнинг яна бир муҳим масаласи Ўзбекистондаги тарихий-маданий мерос объектларини сақлаш ҳамда уларни реставрация қилиш бўйича ҳамкорликдаги лойиҳалар реализацияси, шу йўналишда тажриба алмашиш ва мутахассисларни тайёрлаш бўлди. Бундан ташқари, учрашув давомида номоддий маданий мерос объектларини тарғиб қилиш ва уларни ЮНЕСКО рўйхатига киритиш масалаларини ишлаб чиқишга тўхталиб ўтилди, бунда Ўзбекистон ва Эрон халқлари тарихи, маданияти, анъаналари ва урф-одатлари ҳамда ошхонаси муштараклиги алоҳида қайд этилди. Ҳамид Наерободий Эрон ҳукумати Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг юқори суръатларда ривожланаётганини катта қизиқиш билан кузатаётганини маълум қилиб, бунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатни илгари суриш ва Ўзбекистоннинг бўлғуси “Учинчи Ренессанси”ни яратиш йўлида юритаётган сиёсати роли жуда катта эканлигини таъкидлади.
Эрон томони Ўзбекистон билан парламентлараро, савдо-иқтисодий, маданий ва туристик алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор эканини қайд этди. Учрашув якунига кўра, томонлар Ўзбекистон ҳамда Эрон Ислом Республикаси ўртасида маданият ва санъат соҳасида ҳамкорлик қилишга доир Ҳукуматлараро келишув ва 2020-2023 йилларда туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича Ҳукуматлараро дастурни имзолашга тайёргарлик жараёнларининг тезлаштиришга оид келишувга эришишди. Шунингдек, томонлар реставрация ишлари тафсилотларини белгилаш ҳамда “йўл харитаси”ни тузиш учун эронлик экспертлар делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил қилишга келишиб олишди. Бундан ташқари, тиббиёт туризмини ривожлантириш мақсадида Эрон томонидан Самарқанд вилоятида замонавий Саломатлик марказини яратиш режалаштирилмоқда, бунда Эрон мутахассислари ва технологиялари жалб этилиши кутилмоқда. Мазкур саломатлик марказида мураккаб тиббий жарроҳлик амалиётларини ўтказиш имкони яратилади.
Таъкидлаш жоизки, 2019 йилнинг 2 ноябрида Тошкент шаҳрида ШҲТ давлатларининг ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида Ўзбекистон Респубиликаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Эрон Ислом Республикасининг биринчи вице-президенти Исҳоқ Жаҳонгирий ўртасида бўлиб ўтган музокаралар доирасида тарихий ёдгорликларни реставрация қилиш ва тиклашга оид келишувларга эришган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1509 марта ўқилди

Янгиликлар

Top