Ўзбекистон янгиликлари

“Ислом энциклопедияси” биринчи жилдининг тақдимоти
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ислом энциклопедияси” нашрининг янгидан тайёрланган биринчи жилди тақдимоти бўлиб ўтди. 

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ZOOM платформаси орқали онлайн тадбир ташкил этилди. 

Онлайн анжуманда кенг қамровли ва кўп жилдли “Ислом энциклопедияси” 1-томининг яратилиш жараёнлари ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Қатор олимлар томонидан бу борада фикр-мулоҳазалар билдирилди.

– Мазкур нашр Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги “Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тайёрланмоқда, – дейди филология фанлари доктори, профессор Зоҳиджон Исломов. – “Ислом энциклопедияси” илмий-академик нашр бўлиб, у республикамиз илмий жамоатчилиги, таниқли профессор-ўқитувчилар, исломшунос олимлар ҳамда AҚШ, Буюк Британия, Туркия, Жазоир, Россия, ва Қозоғистон давлатлари машҳур олимлари ҳамкорлигида тайёрланмоқда. Шу боис ҳам мазкур нашр жаҳон илм-фани тараққиётида ўзига хос аҳамият касб этади, десак муболаға бўлмайди. 

Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов сўзга чиқиб, мазкур энциклопедиянинг мазмун-моҳияти хусусида тўхталди. 

– “Ислом энциклопедияси” режа бўйича 20 жилддан иборат бўлади, – дейди Музаффар Комилов. – Энциклопедияда 60 мингдан зиёд мақола ўрин олиши кутилмоқда. Кенг қамровли, академик нашрда динимиз равнақига ҳисса қўшган буюк шахсларнинг илмий фаолияти, ислом дини асослари, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, саҳоба ва тобеъинлар, муҳаддис, фақиҳ, муфассирлар ҳақида 1000 га яқин мақола, атама ва сўз бирикмалари, безак материаллари, харита ҳамда чизмалар ўрин олган. Aйрим шахслар, воқеалар, атамалар илк марта илмий муомалага киритилди. Аввал тайёрланган китоблардан фарқли равишда янги манбалар билан бойитилган мазкур энциклопедия илм аҳли учун ноёб туҳфа бўлди, десак адашмаган бўламиз.
 
photo_2020-10-26_18-28-26.jpg

Дарҳақиқат, энциклопедия ўзининг мазмун-моҳияти ва хусусиятларидан келиб чиқиб, илгари чоп этилган араб, турк, урду, форс, инглиз, немис, француз тилларидаги Ислом энциклопедияларидан тубдан фарқ қилади. Китобни тайёрлашда юртимиз ва минтақа мусулмонлари учун анъанавий бўлган ханафий-мотуридийлик тамойилларидан келиб чиқиб ёндашилган. Мақолалар ёзилишида илмийлик ва холислик мезонларига амал қилинган. Мақолаларнинг акcарият қисми бирламчи манбалар – Қуръон, тафсир, Ҳадис, илмий-маърифий тадқиқотларга асосланган. 

– “Ислом энциклопедияси” – бугунги кунгача бутун аждодларимиз томонидан йиғилган ислом олами билан боғлиқ илмий-маърифий, маънавий мерос саналади, – дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Отабек Бозоров. – Мазкур энциклопедия “Учинчи Ренессанс” учун катта пойдевор, муҳим манба бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Бу китоб халқимиз ва ҳар бир ёш учун диний-маърифий билимлар бериш билан биргаликда, Имом Бухорий айтганларидек, “Нажотни илмдан излаш учун” хизмат қилади, деб ўйлайман. 

Нашр ишларида юртимиз ва хорижлик исломшунослар, диншунос, филолог, манбашунос ва бошқа соҳа вакилларидан иборат 200 нафардан ортиқ муаллиф, 50 нафарга яқин тақризчи ва маслаҳатчи иштирок этди. “Ислом энциклопедияси” нинг навбатдаги жилдлари бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
 
photo_2020-10-26_18-28-22.jpg
 
Н.Усмонова, ЎзА
2139 марта ўқилди

Янгиликлар

Top