Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон қадимий ёдгорликлари ва бой маданий хилма-хиллиги билан «тарих хазинаси»га айланган — «Аль-Анбаъ» нашри

Кувайтнинг кундалик «Аль-Анбаъ» газетасининг навбатдаги сонида «Ўзбекистон: география ва тарихнинг улуғворлиги» сарлавҳаси остида мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги мухбири.
Мақолада Ўзбекистоннинг улкан сайёҳлик салоҳияти, қадимий тарихга эга ёдгорликлари, гўзал табиати ва ранг-баранг маданий хилма-хиллиги тарғиб қилинади, унининг дунё саёҳатчилари учун унутилмас ва жозибали манзил экани таъкидланади.
«Асрлар давомида Буюк ипак йўли орқали савдо-сотиқ алоқалари ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди орқали амалга оширилди. Ўзбекистоннинг ўзига хос географик жойлашуви эса унинг маданиятлар чорраҳаси, савдо муносабатлари билан бирга, илм-маърифат, урф-одатлар, моддий ва номоддий қадриятлар бешигига айланишига имкон берди», деб ёзади мақола муаллифи.
Мақолада Ўзбекистонга саёҳат қилган инсон таниқли олимлар ва мутафаккирлар —Имом Бухорий, Имом Термизий, Ибн Сино, Ал-Хоразмий каби буюк алломалар яшаган Самарқанд, Тошкент, Бухоро ва Хоразм сингари машҳур шаҳарлар билан яқиндан танишиши, тарихий муҳит билан ҳамоҳанг бўлиб уларни ўрганиши мумкинлиги таъкидланган.
Нашрда Ўзбекистон ўзининг қадимий ёдгорликлари ва бой маданий хилма-хиллиги сабаб «тарих хазина»га қиёсланади. Мамлакатдаги кўплаб меъморий ёдгорликлар ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани қайд этилади.
«Тарихий бинолар бугунги кунда яхши сақланган ва инсоният маданий меросида катта аҳамиятга эга» дейди муаллиф.
Мақолада, нашр муштарийларига, шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Шаҳрисабз ва Тошкент шаҳарларидаги меъморий ёдгорликлар, тарихий зиёратгоҳлар ҳақида маълумотлар берилади.
Мақола сўнгида «Мамлакатда ташкил этиладиган турли тадбирлар, маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги ва сайёҳларга муносабати Ўзбекистонга саёҳатнинг унутилмас таассуротларга бой бўлишини таъминлайди» дея хулоса қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

2017 марта ўқилди

Янгиликлар

Top