Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент ислом институти талабаси Қуръони каримни ёддан 10 соатда тўлиқ ўқиб берди

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Ҳикматуллоҳ Рўзалиев ўттиз пора Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда 10 соат мобайнида ёддан ўқиб берди.

Қуръони каримни ўқиш жараёнини «Таҳфизул Қуръон» кафедраси ўқитувчилари Жаҳонгир қори Неъматов, Исломхон қори Убайдуллаев, Аҳмадхон қори Рашидов, Зафар қори Маҳмудов, Жаҳонгир қори Рўзиев, Абдулбосит қори Қобулов, Адҳамжон қори Юсупов ва бошқа устоз ва талабалар кузатиб борди. Ҳикматуллоҳ қори Рўзалиев тонгги соат олтидан Қуръони каримни ўқиб беришни бошлаб, аср намозида якунлади.

Шундан сўнг «Таҳфизул Қуръон» кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов институтда анъанага айланаётган ушбу тадбирнинг аҳамияти тўғрисида маълумот берди.

Маълумот учун, Ҳикматуллоҳ қори Тошкент ислом институтига ўқишга кирганда (2017 йили) Қуръоннинг 4 порасини ёд олган эди. Шу йили 1-курснинг 10 ойи ичида Каломуллоҳни тўлиқ ёд олди. Шундан сўнг, ёд олган сураларини мустаҳкалаш учун ўтган 2,5 йил мобайнида устозлари Жаҳонгир қори Неъматов, Зафар қори Маҳмудов ва Жаҳонгир қори Рўзиевга Қуръонни ўқиб топшириб борди.

Аллоҳнинг инояти билан устозлар кўмагида ўзининг тинимсиз меҳнатларининг самараси ўлароқ бугун бир ўтиришда бутун Қуръони каримни устозлари гувоҳлигида ўқиб топширишга муваффақ бўлди. Ёддан ўқиб бериш вақтида 4 мартагина “луқма” олиб, қолган ўринларда бехато, адашмасдан Каломуллоҳни хатм қилди.
Ҳикматилла қори ва унинг устозларига Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров ташаккурлар билдириб, мана шундай етук қориларни етиштириб чиқаришда омадлар тилади.

ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров, проректор Умид домла Ходжаев, кафедра мудирлари Соатмурод домла Примов, Обид домла Тангиров, Фазлиддин домла Сувонов ва барча иштирокчилар, биргаликда Қуръони карим хатми дуоси баробарида қори устозлар ва Ҳикматуллоҳ қорининг ҳақига эзгу дуолар қилдилар, Аллоҳдан юртимизга хайр-барака ва офият сўрадилар.

Ҳикматуллоҳ қорига институт фонди ҳисобидан ноутбук ва бошқа совғалар ҳадя қилинди.

«Таҳфизул Қуръон» кафедраси қори устозларининг тинимсиз меҳнатлари эвазига Тошкент Ислом институтида Қуръони каримни бир кунда тўлиқ ўқиб бериш анъанага айланмоқда. Эътиборлиси, ушбу амалиёт хориждаги Қуръон ёдлатишга мўлжалланган мадраса ва олийгоҳларда ҳам кам учрайдиган ҳолатдир.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилда Тошкент Ислом институти тарихида аёл-қизлар ўртасида илк бор Гулруҳ Кенжабек Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда 16 соат мобайнида тўлиқ ўқиб берган эди. Гулруҳ Кенжабек 2014 йили ўтказилган Республика Қуръон мусобақасининг ҳифз йўналиши ғолибаси ҳисобланади. Шунингдек, Робия Нажмиддинова ва Фотима Абдуллаев ҳам Гулруҳ каби Аллоҳнинг каломини юқоридаги услубда ўқиб берган эди.
Йигитлардан эса «Таҳфизул Қуръон» кафедраси талабалари Адҳам қори Отахонов ва Фатҳуллоҳ қори Дадаев ҳам муқаддам Қуръони каримни ёддан тўлиқ ўқиб, устозлар кўригидан ўтказиб олган эди.

Маълумот: Қуръони каримда 114 та сура, 6 236 та оят ва тахминан 1 015 030 нуқта, белги, 323 670 ҳарф ва 77 934 та сўз бор. Қуръон саҳифаланишига кўра 30 пора (жуз, қисм)дан иборат бўлиб, мусҳафнинг ҳар 10 вароғи бир пора ҳисобланади.

Зафар қори Маҳмудов,
«Таҳфизул Қуръон» кафедраси ўқитувчи

2890 марта ўқилди

Янгиликлар

Top