Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: Қорақалпоғистонда масжидлар сони яна биттага кўпайди

Шу йил 10 ноябрь куни Қорақалпоғистон Ресрубликаси Адлия вазирлиги Мўйноқ туманидаги “Ҳаким ата” жомесини рўйхатдан ўтказиб, унинг 59-сонли гувоҳномасини масжид ходимларига топширди.

Маълумот учун, ушбу жоме очилиши билан Республикамизда расмий фаолият юритаётган масжидлар сони 2078 тага, Қорақалпоғистон Ресрубликасида эса 51 тага етди.

Ушбу масжид Мўйноқ тумани “Дўстлик” овул фуқаролар йиғинида жойлашган бўлиб, унинг сиғими 100 кишига мўлжалланган.

Аллоҳ таоло ушбу масжидни халқимиз ва масжид жамоатига муборак қилсин. Ана шундай хайрли ишга ҳисса қўшган инсонлардан Ҳақ таоло рози бўлсин, бундай яхшиликларни бардавом айласин!

***
Ҳаким ота ким бўлган?

Масжиднинг “Ҳаким ата” номи Сулаймон Боқирғоний ҳазратларининг таҳаллусидан олинган. У кишининг мақбараси ушбу жоме ҳудудида жойлашган. У 1978 йилда барпо қилинган.

Жўйборзода қаламига мансуб “Маноқиб” китобида ёзилишича, Ҳаким ота (Ҳазрат Сулаймон) Қуръони каримга ўзгача ҳурмат кўрсатиб, дарсга бораётиб Мусҳафни бошига кўтариб олар экан. Буни кўрган Аҳмад Яссавий ҳазратлари уни шогирдликка таклиф этади. Ҳаким ота у зотнинг қўлида таълим олиб, ўн беш ёшида муридликни қабул қилади.

“Ламаҳот мин нафаҳотил қудс” тазкирасида Ҳаким отанинг шариатга оид ўттиз минг, тариқатга оид ўттиз минг ва ҳақиқат борасида ҳам ўттиз минг ҳикмат айтганлари баён қилинган.

2002 йили Қорақалпоғистонда Сулаймон Боқирғоний – Ҳаким ота таваллудининг 880 йиллиги муносабати билан анжуман ўтказилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

2450 марта ўқилди

Янгиликлар

Top