Ўзбекистон янгиликлари

«Эрбўта қози» жоме масжиди халқимизга муборак бўлсин!

Юртимиздаги кўпгина масжидлар қурилишига сабабчи бўлган, ҳаётлик чоғида савобли ишларга улгуриб, жонбозлик кўрсатиб ўтган марҳум устоз, Хайруллоҳ домла Турматов раҳимаҳуллоҳ бошлаб берган навбатдаги масжид очилиши кўнгилларни шод этди.

Куни кеча Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида жойлашган «Эрбўта қози» жоме масжиди тубдан қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Янги таъмирланган масжидда мўмин-мусулмонлар илк жума намозини жамоат ила қалблари хушнуд бўлган ҳолда адо этдилар.

Ушбу Аллоҳнинг байти тумандаги олтинчи масжид ҳисобланиб, саккиз юз намозхонни ўз бағрига сиғдира олади. Масжид ҳонақоси ҳашаматли гумбаз ва баланд икки минорали ҳолатида қурилган бўлиб, девор пештоқларида Аллоҳ таолонинг оятлари битилган. Ҳар бир намозхон янги масжидга ташриф буюрар экан, ўзига хос нақшинкор ва ўта дид билан қурилганига гувоҳ бўлади.

Ҳозирда масжидда таҳоратхона ва хизмат хоналари қурилиш жараёнлари давом этмоқда.

Очилиш маросимининг жума намозидан сўнг одатга кўра, Қуръони Карим тиловати ўқилиб, юртдошларимиз масжид қурилишида кўмак берган саховатпешаларни, ҳомийларни, жисмоний ва иқтисодий ҳолатда ёрдам берганларни ва беморлар ҳаққига жамоат билан дуолар қилишди.

Аллоҳ таоло янги масжидни халқимизга муборак қилсин!

Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати

2125 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « ҲАМДАРДЛИК БИЛДИРАМИЗ Таъзия »

Янгиликлар

Top