Ўзбекистон янгиликлари

Халқаро ислом академияси профессори "Меҳнат шуҳрати"орденига муносиб топилди

Олимлар давраси кўп ибратли. У ерда фикр, маърифат, билим, ажойиб ғоялар қайнайди. Моддий манфаат, пул ва бойлик уларнинг хаёлига ҳам келмайди.
Шу йилнинг февраль ойи. Халқаро ислом академиясида атоқли манбашунос олим Убайдулла Уватов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган маърифий анжуман авжида. Устоз олимнинг энг яқин дўсти, сафдоши Аҳаджон Ҳасановга сўз берилганида, давра бирдан янада жонланди. Маълум бўлишича, у киши Уватов домла билан 62 йиллик синашта, ҳамфикр дўст экан. Ёшлик даврининг беғубор, завқли онлари, футболга ишқибозлик, илк хорижий сафар, илм йўлидаги изланишларга оид ҳам ҳаётий, ҳам самимий, илиқ хотиралар анжуманга ўзгача файз бағишлаган эди.
ЎзА хабарига кўра, Аҳаджон аканинг тарих фанига қизиқиши мактаб давридан бошланган. Кейинчалик олий таълим даргоҳида олган билимлари Шарқ мамлакатлари тарихига оид янги изланишларга туртки берди.
1962 йилда Убайдулла Уватов билан бирга Мисрга хизмат сафари келгусидаги тадқиқотлар учун янги саҳифалар очгани шубҳасиз.
Мутахассисларнинг фикрича, ислом тарихи, манбашунослиги, аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш, буюк ўтмишимизнинг шонли даврларини турли манбалар, қўлёзма асарлар асосида холис тадқиқ этиш борасида ХХ асрнинг сўнгги чорагида Ўзбекистонда йирик илмий мактаб яратилди. Ушбу илмий мактабнинг ривожланишида замонамизнинг таниқли олими, тарих фанлари доктори, профессор Аҳаджон Ҳасановнинг хизматлари беқиёсдир.
А.Ҳасанов илмий, педагогик фаолият билан бирга, мамлакатимизда диний-маърифий соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган олимлардан. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент ислом университети (ҳозирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси)да педагог-устоз ва раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб борди.
2011 йили устоз А.Ҳасановнинг меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланиб, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвонига сазовор бўлган.
Тарих фанлари доктори Аҳаджон Ҳасанов кўп йиллик меҳнати натижасида 1975 йилда “Mиср мамлукларининг ижтимоий-сиёсий тизими" мавзусида номзодлик, 1994 йилда "Қадимий Арабистон тарихи ва уни ўрганиш муаммолари" мавзусида докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди.
Игна билан қудуқ қазишдек машаққатли меҳнат натижасида 20 дан oртиқ илмий монография, рисола, дарслик ва ўқув қўлланмалари, 200 га яқин мақолалар ёзди. Олим "Макка ва Мадина тарихи", "Қадимги Арабистон", "Қадимги Арабистон ва илк ислом", "Илк ислом жамияти: динийликдан дунёвийликка ўтиш", "Ислом тарихи" ва бошқа кўплаб илмий китоблар, дарслик, қўлланма, монографиялар муаллифидир.
Аҳаджон Ҳасанов талабаларга сабоқ бериш билан бирга, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар кенгаши аъзоси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси кенгаши аъзоси, исломшунослик фанлари бўйича илмий кенгаш раисининг ўринбосари саналади.
Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида Президентимиз фармонига кўра, устоз "Меҳнат шуҳрати"орденига муносиб топилди.
– Меҳнатимнинг бундай эътирофи мен учун кутилмаган бўлди, –деди Халқаро ислом академияси "Ислом тарихи ва манбашунослиги – IRCICA" кафедраси профессори Аҳаджон Ҳасанов. – Юртимизда маънавий-маърифий жабҳаларда кечаётган ижобий ўзгаришлар янги изланишлар сари ундайди.
Ҳа, саксон ёшда ҳам ҳамон илм излаётган олимнинг фаолияти чиндан ҳам ибратдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

2018 марта ўқилди

Янгиликлар

Top