Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратларининг Сурхондарё вилоятига сафарлари бошланди

Бугун, 25 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё Абдураҳмонов Сурхондарё вилоятида диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш, имом-хатиблар ва аҳоли вакиллари билан учрашиш мақсадида ушбу вилоятга сафарлари бошланди.

Сурхондарёнинг юраги бўлмиш кўҳна Термиз ўзининг бой тарихи, дунёга машҳур олиму фузалолари билан тарих саҳифаларига, аллақачон, зарҳал ҳарфлар билан битилган дурдона шаҳарлар сирасига киради.
Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан бу заминда қўним топган бир қатор алломаларнинг қадамжолари, мақбаралари обод қилиниб, зиёратгоҳга айлантирилди.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари вилоятга ўз сафарларини улуғ бобокалонимиз Ҳаким Термизий қабрининг зиёрати ила бошландилар. Улуғ алломалар руҳини шод этиш мақсадида, Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, юрт ободлиги ва халқимиз фаровонлигини тилаб дуолар қилинди.

Маълумки, буюк мутафаккир зиёратгоҳи вилоятдаги энг обод, энг кўркам масканлардан бирига айланди. Бу даргоҳга зиёратга келувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони ҳам йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг тавсиялари асосида ушбу қадамжода кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Мақбаранинг ички қисми тўлиқ реконструкция қилиниб, нақшинкор жило берилган, Қуръони карим оятлари битилган. Натижада, улуғ аждодимиз мангу қўним топган табаррук гўша нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик сайёҳларнинг ҳам севимли масканига айланди.


Сурхондарё вилояти сафари давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2805 марта ўқилди

Янгиликлар

Top