Ўзбекистон янгиликлари

Наманган вилоят бош имом-хатибининг Чортоқ туманига ташрифи

Жорий йилнинг 24 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакили, вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Икромхон Нажмиддиновлар Чортоқ туманига ташриф буюрдилар.

Ташриф тумандаги 9-сонли мактабидан бошланди. Мактабда 100 нафар ўқитувчи ва ўқувчилар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда Абдулҳай Турсунов ва Икромхон Нажмиддиновлар “Саломлашиш одоблари”, “Устоз шарафли зот”, “Ота-она ҳурмати ва эъзози” ҳамда “Ёшликда илм олишнинг фазилати” мавзуларида маърузалар қилдилар.

Ташриф давомида туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда тумандаги низоли оилалар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларга ҳаётий мисоллар асосида тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Шундан сўнг “Боғ” МФЙ фаоллари билан учрашув ўтказилди. 50 нафар аҳоли вакиллари иштирок этган учрашувда “Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш”, “Ақидапарастликнинг салбий оқибатлари” мавзусида маърузалар қилинди.

Ҳудди шундай йиғилиш тумандаги “Янгиобод” МФЙ фаоллари иштирокида ҳам ўтказилди. Унда “Ёшлар ўртасида ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш”, “Гиёхвандлик ва ОИТСнинг зарарлари” мавзусида маъруза қилинди.

Вилоят бош имом-хатиби пешин намози вақтида “Зайд ибн Хориса” жоме масжидига ташриф буюриб, намозхонларга “Юртимизда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшлар таълим-тарбияси” мавзуларида маъруза қилиб берди.

Шунингдек, “Наманган” ва “Дилкаш” МФЙдаги махсус ҳисобдан чиқарилган шахслар ва қидирувда бўлган фуқароларнинг оила аъзолари билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Ташриф сўнггида туманда фаолият кўрсатаётган масжидлар имом-хатиб ва имом-ноиблари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, тавсия ва кўрсатмалар берилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Наманган вилоят вакиллиги

Матбуот хизмати

2060 марта ўқилди

Янгиликлар

Top