Ўзбекистон янгиликлари

Москвада Ўзбекистонда диний зиёрат туризмини ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди

Россия муфтийлар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, Россия Мусулмонлар диний идораси раиси ўринбосари Рушан Аббясов Ўзбекистон Республикаси элчихонаси маслаҳатчиси Алишер Зиёмуҳамедов билан учрашди. Учрашувда халқаро департамент бошлиғи Илдар Галеев, Россия муфтийлар кенгаши ва Россия Мусулмонлар диний идораси «Муслим Тур» расмий ҳаж-оператор директори Али Ҳожи Гурдин ва Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси иқтисодий ишлар бўйича учинчи котиби Азамат Раимов иштирок этди.
Учрашув чоғида Рушан Аббясов Россия Муфтийлар Кенгаши раиси ва Россия Мусулмонлар диний идораси раиси муфтий Шайх Равиль Ғайнутдин номидан Ўзбекистоннинг Россиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчисига табригини етказди. Россия муфтийлар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, Россия Мусулмонлар диний идораси раиси ўринбосари элчихонанинг пандемия пайтида ўзбек ватандошларига кўрсатган ёрдами ва қўллаб-қувватлови учун миннатдорчилик билдирди. Рушан Аббясовга кўра, баҳорда ўткир коронавирус пандемияси пайтида мусулмон ташкилотларимизга ўзбекистонлик муҳожирлар бир неча бор мурожаат қилишган. Фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали бир қатор масалалар, жумладан, уларнинг Ватанга қайтиши ҳал этилди.
Ўз навбатида, Алишер Зиёмуҳамедов ҳам мана шундай оғир даврда ёрдам кўрсатгани учун Россия Муфтийлар Кенгаши раиси ва Россия Мусулмонлар диний идорасига миннатдорчилик билдирди.
Россия Муфтийлар Кенгаши расмий сайтининг ёзишича, томонлар Ўзбекистонда келаси йилга эпидемиологик вазият туфайли қолдирилган "Маънавий ипак йўли" илмий-амалий анжуманини ўтказиш режаларини муҳокама қилишди. Йиғилиш кун тартибидаги мавзулардан бири Ўзбекистонда диний зиёрат туризмни ривожлантириш бўлди.
Учрашув якунида томонлар ўзбек диаспораси билан яқин алоқада бўлиш зарурлигини айтиб, бундан кейин ҳам самарали ҳамкорлик ҳақида келишиб олдилар. Рушан Аббясов меҳмонларга эсдалик совғалари, жумладан, «Читай» нашриёт уйи китобларини тақдим этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

2206 марта ўқилди

Янгиликлар

Top