Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг “Коран. Краткий комментарий” (Қуръони карим оятлари маъноларининг рус тилидаги таржимаси) китоби нашр этилди

Кеча, 30 ноябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар бўлими билан ҳамкорликда таниқли олим шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг “Коран. Краткий комментарий” (Қуръони карим оятлари маъноларининг рус тилидаги таржимаси) китоби тақдимоти ўтказилди.
Тақдимот маросимини Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директор Шоазим Миноваров олиб борди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, Тошкент шаҳри бош имом-хатиби Нуриддин Ҳолиқназаров, Миллий маданий марказлар вакиллари, проффессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Қуръони каримнинг башарият учун беқиёс ва мукаммал манба экани, у дастуруламал сифатида инсонларни оила ва жамиятда поклик, ҳалолик, тўғрилик ва самимият руҳида тарбиялаши, шу боис барча мусулмон халқлари уни ўз она тилисида ўқишни хоҳлашини таъкидладилар, ўзбек олимининг Қуръони карим маъноларини рус тилига таржима қилиши мамлакатимиздаги бағрикенглик сиёсатига ҳамоханглиги, ушбу хайрли иш халқимизнинг русийзабон вакиллари, диний таълим муассасаларида таълим олаётган русийзабон талаба ва тадқиқодчилар учун айни муддао бўлгани алоҳида қайд этилди.

Маълумот учун, мустақиллик йилларида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Тафсири ҳилол”, Шайх Абдулазиз Мансурнинг “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”, муфтий Усмонхон Алимовнинг “Тафсири Ирфон” китоблари нашр қилинди.

Шу пайтгача Қуръони карим хориж ва Россияда рус тилига 16 та таржима қилинган. 2018 йилда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб “Тафсири ҳилол” рус тилида эълон қилинди.
Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари Қуръони каримнинг қисқа шарҳли арабча матнини тўғридан тўғри рус тилига таржима қилди. Унинг таҳририга филология фанлари доктори Гулхумор Тўйчиева, тарих фанлари доктори Аҳаджон Ҳасанов, профессор Убайдулла Уватов жалб қилинган.

Ушбу таржима халқимизга муборак бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

2237 марта ўқилди

Янгиликлар

Top