Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги диний-маърифий марказ мавқеини тиклашга қарор қилди

«Асда Ўмон» газетаси ўз мухлисларини Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли изчил ислоҳотлар самаралари билан таништиришда давом этмоқда, деб хабар беради «Дунё» АА мухбири.
Ушбу газета сайтида чоп этилган мақола мамлакатимизнинг диний эркинлик соҳасида эришаётган ютуқлари халқаро миқёсда эътироф этилаётганига бағишланган.
АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео баёнотига таянган ҳолда, Ўзбекистон сўнгги йилларда республикада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида диний эркинлик бўйича махсус кузатув остида бўлган давлатлар рўйхатидан чиқарилди, деб таъкидлаган мақола муаллифи Aли ал-Ҳассаний.
АҚШ Давлат котибининг қайд этишича, Ўзбекистонда диний эркинликни таъминлаш бўйича кўрилган амалий чоралар бошқа давлатларга ўрнак бўлиб хизмат қилади, деб ёзади «Асда Ўмон».
Мақолада, шунингдек, Ўзбекистонда 33 миллиондан ортиқ кишидан иборат аҳолининг 90 фоизидан кўпини мусулмонлар ташкил этиши айтилган.
Қисқа вақт ичида Ўзбекистон раҳбарияти ички сиёсат ва иқтисодий ривожланиш моделининг муҳим ислоҳотларини бошлаб берди, шунингдек, маданий ва диний дастурларни амалга оширишда янги стратегия ҳаётга тадбиқ этилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги диний-маърифий марказ мавқеини тиклашга қарор қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Ислом академияси очилди.
Газета Тошкент диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ғоясини фаол илгари сураётганини таъкидлаган. Бунинг амалий тасдиғи ўлароқ, Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияси қабул қилингани айтилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1618 марта ўқилди

Янгиликлар

Top