Ўзбекистон янгиликлари

Туркия элчихонаси вакиллари билан зиёрат туризмини ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита ташаббуси билан Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси вакиллари билан юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш масаласида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Камилов ва бошқа мутасаддилар қатнашди.

Туркия томонидан элчининг дин ишлари бўйича маслаҳатчиси Иброҳим Гемижи, Маданият ва туризм бўйича маслаҳатчи Алпарслон Акинжи ва бошқа вакиллар иштирок этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков меҳмонларга қатнашчиларни таништириб, йиғилиш мақсадини билдириб, ташриф учун самимий миннатдорчилик билдирди.

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Камилов сўнги йилларда юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлар, бунда икки давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифи, мамлакатимизда туркиялик тадбиркорларнинг кўпайиб бориши ва турли соҳалардаги тажриба алмашувлар соҳа ривожига катта туртки бўлаётганини таъкидлади. Бу борада 2018 йилда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита ва Туркия Диёнат ишлари бошқармаси ўртасида англашув меморандуми имзолангани муҳим аҳамият касб этганини қайд этди. Келгусида диний соҳада ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган янги англашув меморандуми имзолаш бўйича муҳокама олиб борилаётгани ҳақида маълумот берди.

Музаффар Камилов зиёрат туризмини амалий жиҳатдан ривожлантириш бўйича 2021 йилда Туркия Диёнат ишлари бошқармасига қарашли 81 нафар вилоят бош имом хатибини Самарқанд ва Бухорога зиёратини уюштириш, Туркия Диёнат бошқармаси ўтказадиган бош имом хатиблар учрашувини Ўзбекистонда ташкил этиш бўйича раҳбарият таклифини билдирди. Бу бўйича мутасаддилар 2021 йилга мўлжалланган йўл харитасини тайёрлаши мақсадга мувофиқ эканлигини қайд қилди.

Шунингдек, “Умра + (плюс)” дастури бўйича ҳам таклиф билдирди. Индонезия билан бу борада келишувларга эришилгани, Покистон билан музокаралар олиб борилаётгани маълум қилинди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошида “Муслим тур” МЧЖ, Бухорода “Мир Араб тур” МЧЖ фаолият кўрсатаётгани, Туркия томонининг хоҳишига кўра, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси қошида “Вақф тур” туризм ташкилоти билан ҳамкорликда Бухоро ва Самарқандга ҳам тўғридан-тўғри рейслар ташкил масаласи Ҳукумат доирасида муҳокама қилинаётганини очиқлади.

Туркия элчихонасининг Дин ишлари бўйича маслаҳатчиси Иброҳим Гемижи жорий йилда ҳам Туркиядан Ўзбекистонга зиёратчиларни жалб этиш борасида катта имкониятлар бўлгани, аммо пандемия сабаб 2020 йилда Бухоро Ислом маданияти пойтахти ва Хива шаҳри юбилейи муносабати билан ўтказилиши лозим бўлган тадбирлар бекор бўлганини айтиб ўтди. Ўзбекистон томонидан билдирилган таклифлар мақсадга мувофиқ экани, туркиялик бош имомлар Ўзбекистонга қилган зиёрати таассуротини жума мавъизаларида одамларга етказиши орқали катта миқдорда зиёратчилар жалб қилиш мумкинлигини таъкидлади.

Шундан сўнг Туркия телерадиокмпаниясининг Ўзбекистондаги вакили Низом Шоҳин сўз олиб, Туркия телерадикомпанияси дунёдаги йирик оммавий ахборот воситалари орасида энг катта 5 таликка кириши, ТРТ тасарруфида 14 та телевидения канали, 35 та радиоканал борлиги ва улар 48 тилда дунёга ахборот тарқатишини айтиб ўтди. Икки давлатда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича таклиф ва лойиҳаларни билдирди.

Туркия элчихонасининг Маданият ва туризм бўйича маслаҳатчи Алпарслон Акинжи нутқида Ўзбекистон Президентининг “Келажаги буюк давлат - янги Ўзбекистон” асарини туркчага таржима қилгани айтиб, китобни йиғилиш қатнашчиларига совға тариқасида берди.

Алпарслон Акинжи нутқида Туркиядаги ислом динига эътиқод қилувчи ҳар бир турк фуқароси Ўзбекистонни ота юрти деб билиши, Ўзбекистонга келмаган бўлса ҳам унга бўлган муҳаббати ва соғинчи сабаб уйларининг деворига Бухоро ё Самарқанддаги обидалар расмини осиб қўйишини айтди. Туркияда нақшбандийлик таълимотига эргашувчи ва тадбиқ қилувчи 30 миллионга яқин аҳоли борлиги, уларнинг ҳаммаси ҳам Нақшбанд ҳазратлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмаслиги қайд этди. Нақшбанд ҳазратлари ҳақида кино фильм қилиш Ўзбекистонга зиёратчиларнинг катта оқимини келишига сабаб бўлиши таъкидлади. Шунингдек, у Ўзбекистонда Буюк ипак йўлининг аҳамияти, 1921 йилдаги Туркиянинг Озодлик уришида Ўзбекистондан кўрсатган ёрдам ва  Туркиядаги ўзбек (тақия) вақфлари аҳамияти ҳақида гапириб ўтди.

Давра суҳбати давомида Музаффар Камилов меҳмонлар жуда яхши таклиф билдирилгани, “Олтин силсила”даги улуғларнинг 11 нафари Ўзбекистон заминида етишиб чиққани, уларнинг мақбараларини обод этиш, илмий меросини ўрганиш бўйича Ҳукуматимиз томонидан кўламли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Йиғилиш сўнгида меҳмонларга ташриф учун самимий миннатдорчилик билдирилиб, китоб ва эсдалик совғалар тақдим қилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1600 марта ўқилди

Янгиликлар

Top