Ўзбекистон янгиликлари

Мисрнинг «Ал-хабар ал-ёвм» газетаси Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказининг фаолиятини ёритди

Жорий йил 17 декабрь куни бўлиб ўтган «Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази: режалар ва истиқболлар» мавзусида халқаро онлайн матбуот анжумани тафсилотлари ҳақида «Ал-хабар ал-ёвм» газетасида мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
«Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази: истиқболдаги режалар» сарлавҳали мақолада халқаро онлайн матбуот анжумани тафсилотлари ёритилиши билан бир қаторда мамлакатимизда буюк аждодларимиз қолдирган меросни асраб-авайлаш ва уларни келажак авлодга етказиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилган.
«Сўнгги йилларда Ўзбекистонда жаҳон илм-фани ривожига бебаҳо ҳисса қўшган алломаларнинг ҳаёти ва бой илмий меросини ўрганиш, уларнинг илмий-маънавий меросини жамоатчиликка етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2020 йил 11 августдаги Қарори асосида ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми, деб баҳолаш мумкин. Шу нуқтаи назардан Марказ олдига қатор муҳим вазифалар қўйилганини алоҳида қайд этиб ўтиш лозим», дейилади мақолада.
«Марказ фаолиятини халқаро жамоатчиликка кенг тарғиб қилиш, халқаро илмий-тадқиқот муассасалари билан илмий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган жаҳоннинг етук олимлари билан Марказ ходимларининг тажриба алмашинувини ташкил этиш, Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий мероси ҳамда мотуридийлик таълимоти асосларини жаҳонга танитиш мазкур анжуманнинг асосий мақсадини ташкил этди», деб таъкидлайди нашр.
Анжуман иштирокчилари глобаллашув жараёнида намоён бўлаётган мафкуравий таҳдидларга қарши кураш жараёнида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаб, ушбу йўналишда ахборот ва тажриба алмашинуви, ислом дини ниқоби остида фаолият кўрсатаётган оқимларнинг деструктив ғоялари тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирларини ташкил этиш борасида келгусида амалга ошириладиган ишлар режаси ҳам муҳокама қилинди.
Муаллиф анжуман давомида Ислом олами таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро ташкилоти (IСESCO) билан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида англашув меморондуми имзоланганини маълум қилган.
«Айни вақтда ислом олами Имом Мотуридийнинг илмий меросини тарғиб қиладиган шундай илмий марказга эҳтиёж сезаётганлиги, Ўзбекистон бу соҳада катта тажрибага эгалиги алоҳида қайд этилди», деб мақолага хулоса қилади муаллиф Фотима Бадавий.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1314 марта ўқилди

Янгиликлар

Top