Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига қувонч улашдилар

Бугун, 26 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари юртимизда кенг кўламда амалга оширилаётган хайру саховат тадбирларида иштирок этиш учун Самарқанд вилоятига ташриф қилдилар. Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов ва Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов сафарда ҳамроҳлик қилмоқда.

Тарихдан маълумки, дунёда ҳеч бир халқ ёки миллат ҳаёт синовларидан, тақдирнинг кутилмаган зарбаларидан холи эмас. Нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсида ҳам нисбатан серталофат кечаётган пандемия шароитида халқимиз кўплаб оғир синовларни бошидан ўтказмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан бу хасталикнинг оқибатларини бартараф этиш ва уларнинг таъсирини юмшатишга қаратилган ташаббусларнинг ўз вақтида илгари сурилгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Зотан, синовли дамлар давлат ва халқни энг олий мақсадлар йўлида янада жипслаштирди. Ҳар бир фуқаро давлатимиз ҳимоясида эканини яна бир бор намоён бўлди.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан бошланган хайру саховат тадбирлари Самарқанд вилоятида ҳам жадал давом этмоқда. Айниқса, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан кам таъминланган оилаларга, боқувчисини йўқотганларга ва етимларга озиқ-овқат маҳсулотлари берилиб, уларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаётгани барчанинг кўнглини тоғдек кўтармоқда.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд шаҳрида жойлашган 1-сонли меҳрибонлик уйида болалар холидан хабар олиб, уларнинг кўнггилларини кўтардилар. Шунингдек, ушбу ижтимоий муассасага хўжалик жиҳозлари етказилиб, ош дастурхонлари ёзилди.
Самарқанд вилояти сафари давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1320 марта ўқилди

Янгиликлар

Top