Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Бухоро шаҳрида қайта бунёд этилаётган "Дилкушо" жоме масжиди қурилиш жараёнлари билан танишдилар

Хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов хизмат сафари билан Бухоро вилоятида бўлиб турибдилар. Меҳмонларга Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир Элов ва Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ҳамрохлик қилмоқда.

Муфтий ҳазратлари ташриф асносида "Дилкушо" жоме масжидида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишдилар. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари олиб борилаётган қурилиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, мазкур кўркам иншоот миллий-тарихий ва замонавий архитектура тажрибаси уйғунлаштирилган ҳолда бунёд этилаётганини таъкидладилар.

Муфтий ҳазратлари меъморлар билан бирма-бир суҳбатлашиб, ушбу янги иншоотда бошқа масжидларда учрамайдиган икки хусусият – масжид гумбазининг ўзига хос, ноанъанавий услубда барпо этилгани ҳамда масжид деворларида ноёб ва жозибали қурилиш ашёлари билан битилган, ҳозирги замон масжидсозлиги тажрибасида деярли учрамайдиган нодир настаълиқ хатидаги гўзал ҳуснихат намуналари борлигини мамнуният билан қайд этдилар.
Масжидда гўзал дид билан барпо этилган 30 кишилик замонавий ва шинам кутубхона ҳам ташриф буюрган меҳмонларни ўзига ром этди.

Ташриф якунида Муфтий ҳазратлари ушбу масжид қурилишида хизмат қилаётган меъморларни алоҳида ҳузурларига чақириб, уларга чин дилдан ташаккурлар билдирганлари масжид аҳли учун ҳам хурсандчилик, ҳам камтарона одоб намунаси бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2235 марта ўқилди

Янгиликлар

Top