Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Туркияда "Зиёрат туризми" тарғиботининг мавжуд имкониятларига эътибор қаратмоқда

Мамлакатимизнинг Истанбулдаги Бош консуллиги Бош вазир муовини Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг шаҳар мэриясининг маданият бошқармаси қошидаги "Туркистон дунёси маданияти мавзеси" мажмуасига ташрифини уюштирди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.
Мажмуага ташриф чоғида асосий эътибор Туркияда "Зиёрат туризми"ни тарғиб қилишнинг мавжуд имкониятларига қаратилди.
Истанбул вилояти Маданият бошқармаси раҳбарлари билан ўтказилган музокаралар чоғида миллий услубда тақдим этилган "Туркистон дунёси маданияти мавзеси"даги "Ўзбекистон уйи"ни қайта қуриш, хусусан, уни янги экспонатлар билан жиҳозлаш масаласи кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, учрашувлар якунлари бўйича Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарларнинг тарихий мероси ҳақидаги маълумотларни жамоатчиликка етказиш, жумладан, қўшма маданий дастурлар ўтказиш ва ўзбекистонлик ижодий жамоаларни жалб этиш бўйича шартномалар тузишга қаратилган аниқ тадбирлар режалаштирилди. Шу билан бирга, Туркия ва Ўзбекистонда туристик саёҳатларни тарғиб қилиш учун реклама экранлари ва билбордлардан биргаликда фойдаланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Туризм давлат қўмитаси ва Бош консуллик ходимлари ўзбек диаспораси вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказиб, унда махсус тайёрланган теледастурлар, сериаллар ва мусиқий видеороликларни намойиш этиш орқали мамлакатимизнинг сайёҳлик ва сармоявий салоҳиятини оммабоп турк матбуотида тарғиб қилишни муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1538 марта ўқилди

Янгиликлар

Top