Ўзбекистон янгиликлари

Малайзия Ислом цивилизацияси институти ҳамкорликдан манфаатдор

27 январь куни Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Равшан Усманов Малайзия Ислом цивилизацияси институти директори Фариза Шом билан видеоконференция форматида музокаралар ўтказди.
2007 йил март ойида Малайзия Миллий университетида ташкил этилган Ислом цивилизацияси институти мусулмон халқларининг замонавий трансформациясининг асосий тенденциялари ва хусусиятларини ўрганиш ҳамда Ислом билан боғлиқ муаммоларни англай оладиган олим ва таҳлилчиларни тайёрлашни мақсад қилган. Институт мусулмон зиёлилари билан халқаро алоқаларни кенгайтириш учун ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Музокаралар чоғида Малайзия томони таълим тизимини янада такомиллаштириш, диний эркинлик ва бағрикенгликни таъминлаш, ёшларга ҳар томонлама кўмак бериш бўйича республикада амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси (ЎХИА), Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) ва Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар маркази (ИБХТМ) фаолияти билан танишди. Ўзбекистон ҳукумати Ислом динини тўғри идрок этиш ва тушуниш масаласига катта эътибор қаратаётгани алоҳида таъкидланди.
Ўз навбатида Фариза Шом Ўзбекистон диний тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, мамлакатимизда сақланаётган қадимий қўлёзмалар бўйича қўшма конференция, семинар ва тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, факультет аъзолари ва талабалар алмашуви учун илғор ўқув курсларини ташкил этиш, маърифатли Ислом соҳасида тадқиқотлар олиб боришга қизиқиш билдирди.
Дастлабки босқичда қўшма тадқиқотлар, конференциялар ва семинарлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ўзига хос механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда қадимий қўлёзмаларни ўрганиш мақсадида ИЦМ раҳбарияти билан видеоконференция ташкил этиш таклиф этилди.
Видеоконференция якунида икки мамлакат илмий ва диний марказлари ўртасидаги ҳамкорлик шартномаси имзоланиши масаласини ишлаб чиқиш, 2021 йил апрель ойида "Ислом цивилизациясининг Буюк алломалари" мавзусида биргаликда онлайн семинар ҳамда постпандемик даврда Ўзбекистонга Ислом цивилизацияси Малайзия институти раҳбариятининг ташриф буюришини ташкил тўғрисида келишувларга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1270 марта ўқилди

Янгиликлар

Top