Ўзбекистон янгиликлари

Абдул Раззоқ Довуд: Зиёрат туризмни ривожлантиришга доир биргаликдаги саъй-ҳаракатлар юксак самара беради

Покистон Ислом Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф доирасида покистонлик меҳмонлар кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида ҳам бўлишди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Самарқанд шаҳрида Покистон делегацияси билан учрашув ўтказиб, икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Покистон делегацияси учун дастлаб Самарқанднинг инвестицион жозибадорлиги, туризм салоҳияти, тиббиёт ва фармацевтика йўналишидаги имкониятларига доир тақдимот ўтказилди.
Ўзаро музокаралар давомида авиақатновларни ривожлантириш, икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги манфаатли ҳамкорликни кучайтириш, олий таълим муассасаларида ўзаро тажриба алмашинувларни ташкил этиш борасида сўз юритилди.
Меҳмонларга бугунги кунда Самарқанд давлат тиббиёт институтида таҳсил олаётган чет эллик талабалар, хусусан, 130 нафар покистонлик талаба учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди. Учрашув давомида тез кунда Покистон Ислом Республикасидан яна 120 нафар талаба ва 10 нафар профессор-ўқитувчи Самарқандга ташриф буюриши ҳам маълум қилинди. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг янги босқичда изчил ривожланиб бораётганидан далолат беради.
Ташриф асносида меҳмонлар Имом Ал-Бухорийнинг ҳаёти, унинг ҳадис илмига қўшган буюк маънавий мероси билан яқиндан танишиш мақсадида улуғ муҳаддис қабрини зиёрат қилишди ҳамда халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлишди. Покистонлик мехмонларга Ал-Бухорийнинг маънавий мероси ёш авлодни диний қадриятлар ва анъаналарга садоқат руҳида тарбиялашда дастур-ул-амал бўлаётгани ҳақида маълумот берилди.
Делегация вакиллари Покистонда ҳам Ўзбекистонга катта қизиқиш билан қаралиши, хусусан, буюк алломаларимиз номи билан боғлиқ муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш ҳар бир инсоннинг энг катта орзуларидан бири эканлигини таъкидлашди.
Покистонлик меҳмонлар икки томонлама алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётгани ҳақида сўз юритар экан, зиёрат туризмни ривожлантиришга доир биргаликдаги саъй-ҳаракатлар юксак самара беришини қайд этишди. Делегация азолари шуниндек Самарқанд шаҳрининг қатор диққатга сазовор масканларини ҳам томоша қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1333 марта ўқилди

Янгиликлар

Top