Ўзбекистон янгиликлари

Туркия билан мотурудийшунослик йўналишида ҳамкорликни ривожлантиришга оид баённома имзоланди

Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Анкара университети Илоҳиёт факультети вакиллари иштирокида онлайн-мулоқот ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Анжуман мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.
Тадбирда буюк мутафаккир аждодимиз, мотуридийлик таълимоти асосчиси имом Абу Мансур Мотуридий ва унинг издошлари меросини чуқур ўрганиш, уларнинг ақида ва калом илми ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини тадқиқ этиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари хусусида сўз юритилди. Шунингдек, ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, уларда маънавий ва маърифий қарашларимизга ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Иштирокчилар ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг афкор оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш борасида ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олди.
Тадбирда икки муассаса ўзаро ҳамкорлигига оид баённома имзоланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1407 марта ўқилди

Янгиликлар

Top