Ўзбекистон янгиликлари

Энг катта қўлёзма Қуръон нусхаси ҳақида биласизми?

Энг катта қўлёзма Қуръон нусхасининг ватани Эрон экан. У «Олтин уста» номини олган марҳум хаттот Маҳмуд Таладор томонидан 37 йил давомида ёзилган бўлиб, ушбу ноёб хазинанинг ҳажми 2 х 1,3 метрдан иборат. Мусҳафининг ушбу энг катта қўлёзма нусхаси 620 саҳифадан иборат бўлиб, ҳар икки саҳифа алоҳида рангда битилган. Китоб 310 хил рангга ажратиб ёзилган. Ушбу дурдонанинг яна бир ўзига хослиги ҳар бир саҳифа марказида ёрқин тус берилган бўлиб, бутун саҳифани ёритиб туради. Хаттот айнан шу Қуръони карим нусхасини ёзиб чиқиш мақсадида савод чиқариб, ўқиш ва ёзишни ўрганган экан.

Бундан ташқари, дунёдаги энг катта Мусҳафи шариф ёғочдан ўймакорлик услубида тайёрланган бўлиб, у 2003 йилнинг ноябрь ойида Эрон пойтахти Теҳронда ўтказилган халқаро кўргазмада намойиш этилган. Китобни тайёрлашда бир неча хил ёғочлардан фойдаланилган бўлиб, ҳажми 12 х 2,4 метрни ташкил этади. 110 саҳифадан иборат китобнинг ҳар бир саҳифасининг қалинлиги 4,5 сантиметрдир. Қуръони карим оятлари насх хатида ёғоч саҳифаларга ўйиб ёзилгандир.

Дунёдаги энг оғир Қуръони карим нусхаси

Мусҳафи шарифнинг дунёдаги энг оғир нусхаси эса 8 минг килограмм, яъни, 8 тоннани ташкил этади. У олтин ва қимматбаҳо тошлар билан безатилган бўлиб, БААнинг ҳозирда марҳум президенти шайх Зайд ибн Султон Оли Наҳаёнга унинг 80 йиллик таваллудида совға қилинган экан. Ушбу Қуръони карим нусхаси 1,4 х 1 метрлик ҳажмда бўлиб, 325та мис саҳифалардан ташкил топган.

 

Бобур Аҳмад тайёрлади

1485 марта ўқилди

Янгиликлар

Top