Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: Чекка ҳудудда “Абдураҳмон ҳожи ота” номли янги жоме масжид ўз фаолиятини бошлади

Кеча, 18 февраль куни Адлия вазирлигининг Сурхондарё вилояти бошқармаси Сариосиё тумани “Нурафшон” маҳалласида жойлашган “Абдураҳмон ҳожи ота” жоме масжидини рўйхатдан ўтказиб, бу тўғридаги гувоҳномани масжид ходимларига топширди. Шу билан юртимиздаги жоме масжидлар сони 2082 тага етди.

2020 йил 26 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида янги қурилган “Абдураҳмон ҳожи ота” жоме масжиди билан яқиндан танишган эдилар.

Маълумот учун, “Абдураҳмон ҳожи ота” жоме масжиди қурилиши маҳаллий аҳоли талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда 2017 йилда бошланиб, 2020 йил март ойида якунланган эди. Масжиднинг ер майдони 10 сотих бўлиб, бино миллий андозалар ва замонавий талаблар асосида кенг ва ёруғ қилиб қурилган. Жоме масжид сиғими 1000 нафар намозхонга мўлжалланган бўлиб, саховатпеша инсонлар кўмаги ва ҳашар йўли билан бунёд этилди.

Ушбу жоме масжидни мўмин-мусулмонларга муборак айлашини Ҳақ таборака ва таолодан илтижо қилиб сўраймиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

2003 марта ўқилди

Янгиликлар

Top