Ўзбекистон янгиликлари

Тошкентда "Маънавий ипак йўли" V халқаро анжуман ўтказилади

“Маънавий ипак йўли ” V халқаро илмий-диний конференцияси ташкилий қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши онлайн форматда ўтказилди. Тадбирда Россия Федерацияси Мусулмонлар диний идораси раиси муовини Рушан Аббясов, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ботиржон Асадов, Ўзбекистон туризмни ривожлантириш қўмитаси раис муовини Улуғбек Аъзамов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Ўзбекистон ва Россия сайёҳлик компаниялари вакиллари иштирок этди.

"Маънавий ипак йўли "халқаро конференциясига тайёргарлик масалалари билан бир қаторда иштирокчилар Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш масалаларини ҳам кўриб чиқишди.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов мамлакатнинг зиёрат туризмини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлаб, бундай деди: "Россия фуқароларининг Ўзбекистондаги сайёҳлик оқимини ошириш, Ўзбекистондаги элчихонамиз бизнес ҳамкорлар, сайёҳлик агентликлари ва Россия аҳолисини сайёҳлар учун яратилган шароитлар ҳақида хабардор қилиш бўйича дастурларни амалга оширади. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати туризм тармоғи ва авиакомпанияларни қўллаб-қувватлаш бўйича қонунчилик чора-тадбирлариннинг мажмуини қабул қилди".

Рушан Аббясов зиёрат туризми ҳақида тўхталди: "Жаҳон даражасидаги меъморий обидаларни, сақланиб қолган анъаналарни, ноёб ҳунармандчиликни жорий этувчи йўналишлар ўзаро маданий алмашинувга хизмат қилади, иқтисодий алоқаларни жонлантиради. Маънавий Ипак йўли лойиҳаси доирасида туризм салоҳиятининг муҳокама қилиниши пандемиядан кейинги даврда дунёнинг босқичма-босқич жонланиши шароитида, айниқса, долзарбдир".

2021 йилнинг кузига белгиланган “Маънавий ипак йўли ” V халқаро илмий-диний анжуманининг дастлабки дастурини муҳокама қилди, лойиҳанинг асосий босқичларини белгилаб олди ва кейинги амалий қадамлар рўйхатини тасдиқлади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раисининг ўринбосари Иброҳим Иномов: "Алоҳида эътирофга лойиқ ушбу халқаро анжуманнинг ўтказилиш жойи дунёга машҳур алломалар, илм-фан уламолари ва атоқли имомларни берган ўзбек замини бўлди", деди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1533 марта ўқилди

Янгиликлар

Top