Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Германия олимлари Имом Мотуридий халқаро анжуманини ўтказишади

Ўзбекистон халқаро ислом академияси, мазкур олий билим юрти ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Германиянинг Мюнстер университети қошидаги Исломшунослик маркази вакиллари ўртасида мулоқот ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Онлайн шаклда ташкил этилган тадбирда ўзбекистонлик ва германиялик исломшунос олимлар 2018 йилда ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларининг ривожланиш жараёнини таҳлил қилган ҳолда, аввал келишилган лойиҳаларнинг истиқболини муҳокама қилди, келажакда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олиш юзасидан фикр алмашди.

Жумладан, ислом дунёсининг буюк алломаси, ватандошимиз Имом Мотуридий асарларини биргаликда ўрганиш, ёшлар орасида диний радикализм ғояларига қарши самарали курашишда айнан ушбу ўзбек мутафаккир олимининг илмий меъросидан фойдаланиш, уни дунёга тарқатиш, ушбу тадқиқот марказларида исломшуносликка оид чоп этиладиган нашрларда Мотуридий асарлари ва бошқа ислом динини ўрганишга қаратилган изланишлар натижалари, илмий мақолалар чоп этиб бориш юзасидан ўзаро келишувга эришди.

Томонлар мазкур доирада Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Имом Мотуридий марказида германиялик исломшуносларнинг таҳсил олиши ва илмий изланишлар юритиши, ўзбекистонлик профессор-ўқитувчиларнинг эса немис касбдошларига касб маҳорати кўрсатиш мақсадида Мюнстер университетида тажриба алмашиши ҳамда ушбу лойиҳалар учун ўзаро стипендиялар ажратиш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.

Учрашув якунида икки олий билим юрти вакиллари ҳамкорликнинг навбатдаги лойиҳаси сифатида жорий йил октябрь ойида дунё бўйича Имом Мотуридий меъросини ўрганаётган ёш олимларга ўзаро алоқалар ўрнатиш ва янада ривожлантиришга имкон берувчи халқаро анжуман ташкил этишга келишди.

Сермаҳсул ва амалий келишувларга бой бўлган учрашув якунида томонлар бундан буён ҳам лойиҳаларни амалга оширилишини мунтазам мониторинг қилиб бориш тўғрисида аҳдлашиб, ҳамкорликни кенгайтиришга доир қўшимча маълумотлар алмашди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1440 марта ўқилди

Янгиликлар

Top