Ўзбекистон янгиликлари

“Сиз бизга кераксиз!” шиори остида тадбир ўтказилди

Чирчиқ шаҳридаги “Марказий” жоме масжидида жисмоний имконияти чекланган инсонлар учун “Сиз бизга кераксиз!” шиори остида тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси М.Абубакирова, Тошкент шаҳар тарғибот гуруҳи раҳбари Д.Аҳмедова, имом-хатиблар, отинойилар, уч нафар сурдо таржимони ва 175 нафар жисмоний имконияти чекланган юртдошларимиз қатнашди.

Тадбирни Чирчиқ шаҳар бош имом-хатиби Обиджон домла Мирҳамидов кириш сўзи билан очиб берди.

– Бугун мамлакатимизда жисмоний имконияти чекланган фуқароларга эътибор ҳар қачонгидан ҳам кучайган, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова. – Айниқса, уларни турли ёт ғоялардан ҳимоялаш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шундан келиб чиқиб, бундай юртошларимизга меҳр қўлларимизни чўзиб, уларнинг маънавиятини юксалтириш, маърифатини оширишга интиляпмиз.

Тошкент шаҳар тарғибот гуруҳи раҳбари Д.Аҳмедова жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари нималардан иборат экани, улар уй-жой, пенсия, соғлиқни сақлаш масалаларида қайси ташкилотларга қандай мурожаат қилиши кераклиги ҳақида тушунчалар берди.

Тадбирда имконияти чекланганларга “Сиз бизга кераксиз!” видеоролиги намойиш этилди.

Йиғилиш сўнгида имконияти чекланганларга “Вақф” хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти филиали томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Тошкент вилояти вакиллиги
ахборот хизмати

1279 марта ўқилди

Янгиликлар

Top