Ўзбекистон янгиликлари

Сайёҳлар эътиборини жалб қилиш учун янги ғоя ва таклифлар керак

Тошкентда миллий оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ўтказилаётган тренингда Вашингтондан онлайн шаклда маъруза қилган халқаро консультант, собиқ дипломат Темури Яккабашвили Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига юқори баҳо берди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Собиқ дипломат Ўзбекистонда улкан ўзгаришлар амалга оширилаётгани, мамлакат дунёга очилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг туризм ва бошқа йўналишлардаги салоҳияти ниҳоятда юксак. “Бу қўҳна заминда қадимий халқ яшайди. Унинг анъаналари, қадриятлари бутун дунёга намуна”, - деди у.

Мамлакат ҳаётидаги янгиланишлар туризм соҳасига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бироқ, маърузачининг фикрича, ҳали қилинадиган ишлар кўп.

Хусусан, сайёҳлар эътиборини жалб қиладиган янги ғоя ва таклифлар керак. Меҳмонлар учун икки ва уч юлдузли меҳмонхоналар тизимини кенгайтириш, Ўзбекистоннинг ўзига хос сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиб, ундан самарали фойдаланишда илғор услублардан фойдаланиш зарур.

Транспорт хизмати сифати ва нархлари ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Темури Яккабашвили оммавий ахборот воситалари вакилларини ушбу жараёнда фаол қатнашишга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, 10-13 март кунлари Тошкентда АҚШ Глобал медиа агентлиги (U.S. Agency for Global Media) билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун тўрт кунлик тренинг ўтказилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1399 марта ўқилди

Янгиликлар

Top