Ўзбекистон янгиликлари

Саудия кутубхоналаридаги Мовароуннаҳр уламолари қўлёзмалари ўрганилади

Ўзбекистон элчиси Улуғбек Мақсудов Саудия Арабистони Подшоҳлигининг (САП) Ахборот ва араб-рус тадқиқотлари маркази директори доктор Мажид Ат-Туркий билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Учрашувда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Ахборот ва араб-рус тадқиқотлари маркази билан ҳамкорликда «Моварауннаҳр уламоларининг қаламига мансуб қўлёзма асарларининг Саудия Арабистони Подшоҳлиги қўлёзмалар фондида сақланиши ва тадқиқ этилиши» мавзусида онлайн-видеоконференция ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маълум қилинди.

Мажид Ат-Туркий мазкур тадбирни ўтказиш ҳақидаги ташаббусни қўллаб-қувватлади ва унга тайёргарлик кўриш, жумладан, Саудиянинг етакчи фан арбоблари ва мутахассисларини жалб этишини билдирди.

САП маркази директорига кўра, Подшоҳ Сауд университети қошида Кутубхоналар ишлари фонди мавжуд. Мазкур фонднинг собиқ мудири Муҳаммад Аз-Зийрий 1990 йилларда ушбу фонд фаолияти доирасида Марказий Осиёдаги қўлёзмалар фондлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Ҳозирги босқичда қўлёзмаларни ўрганиш йўналишида ҳаракатларни фаоллаштириш мақсадида Макка шаҳридаги Уммул-Қуро, Мадина ва ар-Риёд шаҳарларидаги университетлар билан фаол ҳамкорлик қилинмоқда.

Бундан ташқари, доктор Ат-Туркий Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистондаги бошқа тегишли ташкилотлар билан илмий-маърифий ва маданий соҳада ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишга тайёр эканини билдирди.

Учрашув якунида САП маркази ва Ўзбекистоннинг тегишли муассаса ҳамда марказлари билан биргаликда мунтазам тарзда онлайн шаклдаги семинар ва “давра суҳбат”ларини ўтказишга келишиб олинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1427 марта ўқилди

Янгиликлар

Top