Ўзбекистон янгиликлари

Маҳаллаларда миллий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳафталиги ўтказилади

Мамлакатимизда 22 март — Маҳалла тизими ходимлари куни этиб белгиланган. Мазкур сана муносабати билан жорий йил 22-28 март кунлари Маҳаллаларда миллий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳафталиги ўтказилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Ушбу ҳафталик доирасида «Маҳалла – жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждони кўзгуси» деган бош ғоя остида маданий-маърифий ва тарғибот-ташвиқот чора-тадбирлари амалга оширилади. Хусусан, маҳаллаларда маданият, маънавият, адабиёт ва санъат намоёндалари, ёзувчи ва олимлар, таниқли спорт усталари билан учрашувлар уюштирилади.

26 март куни «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони билан тақдирланган юртдошларимизга ушбу мукофотни топшириш маросимлари юқори савияда ташкил этилади.

«Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун кредит ажратиладиган фуқаролар рўйхатини шакллантириш ва ҳафталик доирасида уларга сертификатларни бериш устувор вазифа этиб белгиланди.

Мазкур дафтарларга киритилганлар, шунингдек, ҳар бир туман (шаҳар)дан камида 10 нафардан кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ва фронторти фахрийлари учун «Муқаддас қадамжолар бўйлаб» имтиёзли саёҳатлари ташкил этилади.

27 март куни эса мамлакатимиз маҳалла институти фаолиятини кенг тарғиб этиш, гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокамасига бағишланган «Ислоҳотлар ва юрт тараққиётига менинг ҳиссам» мавзусида онлайн-конференция ўтказилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуоти хизмати

1429 марта ўқилди

Янгиликлар

Top