Ўзбекистон янгиликлари

Мусулмонлар яна бир буюк олимидан айрилди

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!

Бугун замонамизнинг энг машҳур олимларидан бщлган шайх Муҳаммад Али ибн Жамил ас-Собуний ал-Ҳалабий Истанбул яқинидаги Ялоқо шаҳрида Ҳақ раҳматига сазовор бўлди.

 

Аллома Муҳаммад Али ибн Шайх Жамил Собуний раҳимаҳуллоҳ 1930 йил Суриянинг илм ва уламолари билан машҳур бўлмиш шаҳри Ҳалабда дунёга келди. Ўғлини етук олим бўлишида сабабчи бўлган падари бузруквори Ҳалабдаги “Умавий жоме” масжидида дарс берар эди. Ёш Муҳаммад Али Қуръон дарсларига қатнашиб, Қуръони каримни тўлиқ ёд олди. Қорилар шайхи Нажиб Хиёта, Шайх Муҳаммад Нажиб Сирож, муҳаддис шайх Абдуллоҳ Сирожиддин, Шайх Роғиб Таббох, Шайх Муҳаммад Идлибий, Шайх Аҳмад Шаммоъ каби кўплаб фазилатли уламолар Муҳаммад Али Собунийнинг устозларидан ҳисобланадилар.

Бошланғич ва ўрта мактабни имтиёзли тамомлаб, Қоҳирадаги “Ал-Азҳар” университетида таҳсил олди. 1952 йилда университетнинг Шариат факультети дипломига эга бўлди. 1954 йил мутахассислик ўқишини тамомлаб, Азҳари шарифнинг “Шаръий суд мутахассислиги”нинг имтиёзли дипломини қўлга киритди. Бу диплом ўша вақтларда энг олий диплом ҳисобланиб, ҳозирги кундаги докторлик дипломи билан баробардир. Мисрда ўқишни тамомлагач она юрти Сурияга қайтиб, 1955-1962 йиллар давомида Ҳалабдаги ўрта мактабда “Ислом маданияти” фанидан дарс берди.

Шайх Собуний Сурия таълим вазирлиги томонидан Маккаи мукаррамага исломий фанлар, тарбия ва шариъат факультетига дарс бериш учун жўнатилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таваллуд топган муборак заминда йигирма саккиз йилга яқин дарс берди. Бу вақт давомида бир қанча уламолар, жумладан Масжидул ҳарам имомлари етишиб чиқди.

Собуний ҳазратлари дарс бериш билан чекланмай, шайх Саййид Алавий ва Ҳасан Машшот каби ўз даврининг забардаст олимларининг дарсларида ҳам қатнашар эди.

Абу Жаъфар Наҳҳас (раҳматуллоҳи алайҳи)нинг “Маъонил Қуръон” номли асарини беш йил давомида тадқиқ қилиб, олти жузда нашр қилдирган. 1998 йилдан Маккадаги халқаро ташкилот ҳамда Ислом олами уюшмасига қарашли муассасада бир неча йил фаолият юритди. Масжидул ҳарамда имомлик ҳам қилган.

Шайх Муҳаммад Али Собуний Маккада бўлган онлари ҳар куни Каъбаи мауззаманинг яқини, “Ҳажарул асвад” билан “Рукнил яманий”нинг орасида ўтириб, Қуръони карим тиловат қиларди, савол сўраганларга жавоб берар эди.

Муҳаммад Али Собуний “Ат тибён фи улумил Қуръон”, “Сиҳоҳи ситта” (олти саҳиҳ тўплам) китобларининг шарҳи ҳисобланган “Мин кунузис суннат ан набавийятил мутоҳҳароҳ” (Пок набавий суннат хазиналари), “Ал фиқҳ аш шаръий ал муяссар”, “Софват ат тафосийр”, “Равоиул баён фи тафсирил Қуръон” ҳамда “Мухтасар тафсири Ибн Касийр” каби бир қанча асарларнинг муаллифидир. “Равоиул-баён” номли асари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида ўқитиб келинмоқда.

Алломанинг аксар асарлари инглиз, француз, рус, форс, урду ва бошқа тилларга таржима қилинган. Унинг Қуръони карим тафсири соҳасига бағишланган таснифлари чуқур илм, кенг маъно ва гўзал ифода ҳамда осон ибораси билан ажралиб туради.

Шайх Собуний ҳаётларини Қуръони Карим ва суннати набавийя хизматига сарфлади. Тафсир, ҳадис ва бошқа илм соҳаларига бағишланган асарлари билан илмий-маърифий кутубхоналарни бойитди ва ҳақли равишда “Китоб ва суннат ходими” унвонига эга бўлди.

Аллоҳ таоло улуғ олимни Ўз раҳматига олсин!

Матбуот хизмати

1569 марта ўқилди

Янгиликлар

Top