Ўзбекистон янгиликлари

Имом Бухорий маркази Испаниядаги Ислом маркази билан фаол ҳамкорлик қилмоқда

Мамлакатимизнинг Испаниядаги элчихонаси вакиллари Мадрид ислом маданияти маркази департаменти раҳбари Сами ал-Муштави билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Мадрид ислом маданияти маркази билан ҳамкорлигида “Моварауннаҳр уламоларининг ислом цивилизацияси ва жаҳон илм-тараққиёти ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида видеомулоқот шаклидаги семинарни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Сами ал-Муштафи мазкур анжуманни ўтказиш бўйича ташаббусни ижобий баҳолади.

Мадрид ислом маданияти маркази вакилларига сўнгги йилларда Ўзбекистонда диний бағрикенглик соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилда ташкил топган Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолияти ва унинг вазифалари ҳақида сўзлаб берилди.

Ўзбекистон Президентининг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни бажариш доирасида испан томонига мамлакатимизда сўнгги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини дунёда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида маълумот тақдим қилинди.

Икки мамлакат ўртасида маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Мадрид ислом маданияти маркази ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича келишувга эришилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1482 марта ўқилди

Янгиликлар

Top