Ўзбекистон янгиликлари

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида халқаро фотокўргазма ўтказилди

Шу йил 29 март куни Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида туркиялик машҳур фотограф Ўрхан Дургутнинг “Мусулмон дунёси тарихий шаҳарлари” номли халқаро фотокўргазма ташкил этилди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда Сурхондарё вилоят ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакилари, имом-хатиблар, талаба-ёшлар иштирок этишди.

Фотокўргазмада юртимиздаги Имом Бухорий ва Имом Термизий ёдгорлик мажмуалари, Регистон ансамбли, Шоҳизинда, Ичан қалъа, Чор Минор, Минораи Калон, Ҳаким Aт-Термизий, Хасти Имом, Кўҳна Aрк каби машҳур тарихий обидалар ва мақбараларнинг турли хил суратлари қатнашчиларга намойиш этилди.

Орҳан Дургутнинг фото жамланмасида Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Тошкент ва Термиз шаҳарларидаги муборак қадамжо ва зиёратгоҳлар, жумладан, Имом Термизий илмий сафарларда бўлган Макка, Мадина, Басра, Куфа, Бағдод, Дамашқ ва Қуддус шаҳарлардаги машҳур Ислом маданий мерослари акс этган.

Тадбир давомида Орхан Дургут ўзбекистонлик ҳамкасб ва ҳамрохлар билан Сурхондарё вилоятидаги Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Султон Саодат, Хўжа Алоуддин Аттор, Сўфи Оллоҳёр ва Мавлоно Муҳаммад Зоҳид мақбараси каби зиёратгоҳларни ҳам суратга олиб, уларни “Мусулмон дунёси шаҳарлари” китоб-албомига жойлаштириш режа қилингани ҳақида маълумот берилди.

Маълумот учун, Мексика, Саудия Арабистони, Сурия, Доминика, Юнонистон, Миср, Испания каби 87 та давлатида суратга олиш ишларини олиб борган туркиялик фотограф Ўрхан Дургут дунёнинг машҳур фото санъати усталаридан саналади.

Маккаи мукаррамадаги ўзгаришларни қайд этиш учун 2006 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда 100 минг дона фотосурат олиб, “Маккаи мукаррама панорамаси” альбомини Ўрхан Дургутнинг энг сара ишларидан бири сифатида қайд этилади.

Ўрхан Дургут ҳозирги кунда “Ислом шаҳарлари” деб номланган катта фото лойиҳа устида ишламоқда. Дастлаб мусулмон оламининг 40 та шаҳарларини суратга олиш билан бошланган лойиҳа, ҳозирга қадар 40 та мамлакатдаги 100 та шаҳарларни суратга олиш ишлари давом этмоқда.

Ўрхан Дургут кўплаб мамлакатларда "Ҳаводан қадимий Aнадолу", "Ҳаводан Aнадолу қадимий театрлари", "Панорама Истанбул", "Ҳарамейн", "Қуддус" ва "Исломий шаҳарлар" мавзуларида ўнлаб кўргазмалар ўтказган.
Унинг “Самарқанд”, “Ҳаводан Истанбул”, “Махсус ҳаж”, “Махсус умра”, “Уч масжид”, “Самодан Маккаи мукаррама” ва бошқа шу каби 16 та китоб-алъбоми нашр этилган.

2019 йил июль ойида Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида халқаро фотокўргазмасини ўтказган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1821 марта ўқилди

Янгиликлар

Top