Ўзбекистон янгиликлари

Отинойилар билим савияси оширилди

Кеча 30 март куни Тошкент шаҳридаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳамммад Юсуф” мажмуасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги туман ва шаҳар бош имом-хатибларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари ва жойларда фаолият юритаётган отинойилар учун ўқув-семинар ташкил этилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда пойтахтимизда фаолият юритаётган отинойилар иштирок этди.

Ўқув-семинар, одатдагидек, Қуръони карим тиловати билан бошланди.

Дастлаб семинар иштирокчиларига куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Ўзбекистон 24” телеканали орқали эфирга узатилган ёшларга мурожаати намойиш этилди.

– Дарҳақиқат, бугун келажак тарбиячилари – аёлларнинг, опа-сингилларимизнинг таълим-тарбиясига эътибор ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб бормоқда, – дейди Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор Юнусов. – Чунки ёшлар тарбиясида кузатиладиган бўшлиқни дарҳол “тўлдирадиган” кучлар пайт пойлаб юрганини яхши биламиз. Улар бундай имкониятлардан шундай устомонлик билан фойдаланишадики, афсуски, бунинг аччиқ хотиралари ҳали-ҳамон юрагимизни тирнайди. Шу боис аёлларнинг фарзандлар тарбиясига эътиборини янда кучайтириш зарур.

Ўқув-семинарда А.Юнусов “Оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, хотин-қизлар ўртасида ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш, ўз жонига қасд қилиш, вояга етмаган қизларни турмушга бериш ҳолатларининг олдини олиш” мавзусида маъруза қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакилининг аёллар масалалари бўйича ёрдамчи З.Соатова “Диний ва миллий маросимларни тўғри ташкил этишда ҳамда ёшлар тарбиясида ва уларни илмга, касб-ҳунарга тарғиб қилишда отинойиларнинг ўрни” мавзусида йиғилиш иштирокчиларига маъруза қилди.

Ўқув-семинарда отинойилар фаолиятига доир турли мавзулардаги саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Тадбир сўнгида хайрли дуолар қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Ахборот хизмати

1673 марта ўқилди

Янгиликлар

Top