Ўзбекистон янгиликлари

Рамазон ойи олдидан ўксик кўнгилларга қувонч улашилди

Халқимиз азал-азалдан меҳр-оқибат, силаи раҳм, қийинчилик ва машаққатли кунларда бир-бирини қўллаб-қувватлаш, муҳтожларга ҳиммат кўрсатиш каби эзгу фазилатлари билан бошқа халқларга ибрат бўлиб келган. Зеро, йиқилганни суяш, очни тўйдириш, етимларга мурувват кўрсатиш каби гўзал хулқлар уммат йўлбошчиси бўлган Муҳаммад алайҳиссалом ҳамда у Зот олиб келган Ислом динининг бош шиорларидан экани ҳам маълум ва машҳурдир.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Ким Аллоҳ азза ва жалла учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочнинг устидан ўтса, шунча ҳасанот ёзилади. Ким ўз ҳузуридаги етим қизга ёки болага яхшилик қилса, мен ўша одам билан жаннатда мана бундай бўламан» деб икки бармоқларини яқинлаштирдилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда эса Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Мусулмонларнинг уйлари ичида энг яхшиси ундаги етимга яхшилик қилинадиган уйдир. Мусулмонларнинг уйлари ичида энг ёмони ундаги етимга ёмонлик қилинадиган уйдир», дедилар. Сўнгра икки бармоқларига ишора қилиб: «Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундаймиз» дедилар».
Гулбаҳор опа Турғуновага Аллоҳ синов берди. Турмуш ўртоғидан эрта ажраган, уч нафар фарзандга ҳам оталик, ҳам оналик қилиб келмоқда. Маҳалладагиларнинг айтишича, у меҳнаткаш, сабр-матонатли ҳамда иффат ва ҳаёда кўпчиликка намуна бўла олади.

Хонадондаги вазиятдан бохабар бўлган олтиариқлик имом-хатиблар бирлашиб, саховатпеша кишилар кўмагида, икки хоналик кулбада ҳаёт кечираётган бу оилага, уч хона ҳамда олди ёпиқ айвон шаклдаги янги уй бунёд этилиб, муборак Рамазон ойи олдидан хонадон соҳибларига туҳфа қилинди.

Тадбирга вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев ҳам таклиф этилди. Олтиариқ тумани бош имом-хатиби Бахтиёржон домла Шерматов мазкур хонадон ўзининг камтаринлиги ҳамда бошқа гўзал фазилатлари билан бошқаларга намуна бўлиб келаётгани, янги иморатни қад ростлашида ташаббус қилган ҳимматли кишилар томонидан амалга оширилган хайрли ва ибратли ишлар ҳақида вилоят бош имом-хатибига сўзлаб берди.

Убайдуллоҳ домла Абдуллаев ушбу хайрли ишга ҳисса қўшган барчага миннатдорчилик билдириб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, динимиз равнақи бу ташаббусга ҳисса қўшган саховатпеша халқимиз ҳаққига икки дунё саодатини сўраб дуо қилдилар.

ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

1372 марта ўқилди

Янгиликлар

Top