Ўзбекистон янгиликлари

Қориларга тавсиялар берилди

Кеча 10 апрель куни «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» мажмуасининг мажлислар залида муборак Рамазон ойида Қуръони Карим хатмоналарини юртимиз масжидларида қандай ўтказиш масаласи бўйича аниқ режалар белгилаб олинди. Ушбу йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими бошлиғи Муҳаммадназар Қаюмов ҳамда таровеҳ намозида хатму Қуръонда иштирок этувчи юртимиз қорилари қатнашди. Йиғилишда бу йилги Рамазон ойини қандай ўтказиш лозимлиги, мақсад ва вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, Қуръон хатмоналарини қироат қилувчи қориларимизга тавсиялар ва кўрсатмалар бериб ўтилди.

Маълумки бу йилги Рамазон ойида баъзи хориж мамлакатларида коронавирус пандемияси сабаб масжидларда таровеҳ намозларига рухсат берилмади. Шуни инобатга олиб бугунги йиғилишда бу йилги Рамазонни кўтаринки руҳда ўтказиш учун юртимизда алоҳида тайёргарлик ишлари амалга оширилди ва барча шароит ва қулайликлар халқимизга яратиб берилаётгани айтиб ўтилди. Хусусан, ҳар бир мусулмон шахс масжидларга ташриф буюрар экан, белгилаб қўйилган карантин қоидаларига, яъни ниқоб ва масофаларни сақлаши, кўрсатилган қонун-қоидаларга риоя қилиши таъкидлаб ўтилди.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Рамазонга етишимизни ва ушбу муборак ойнинг барокотидан насибадор бўлишимизга муваффақ қилсин!

 

islom.uz

 
1726 марта ўқилди

Янгиликлар

Top