Ўзбекистон янгиликлари

Қувончли хабар: Юртимиз жанубида яна бир масжид очилди

Сурхондарё вилояти Адлия бошқармаси Сариосиё тумани ҳудудида жойлашган «Эшонқулжон бобо» масжидини рўйхатдан ўтказиб, бу тўғридаги гувоҳномани жоме ходимларига топширди.

Ушбу жоме “Дўстлик”, “Боғиширин”, “Шабнам” ва “Боғистон” маҳаллаларидаги 13 000 нафарга яқин мўмин-мусулмонларга хизмат қилади.

Соховатпеша инсонлар кўмаги ва аҳоли ҳашари йўли билан барча шароитларга эга қилиб қурилган замонавий 1350 ўринга мўлжалланган. Унга маҳаллий аҳоли «Эшонқулжон бобо» жоме масжиди деб номланди.

Маълумот учун, Республикамизда масжидлар сони 2088 тага, Сурхондарё вилоятида эса 120 тага етди.

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг уйи бўлган масжид қуришнинг савоби улуғ экани мўътабар манбаларда баён этилган.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар ажабмас” (Тавба сураси, 18-оят).

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам масжид қуриш ва уни обод қилиш борасида кўплаб тарғиблар келган. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом шундай дедилар: “Ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда шунинг мислича уй бунёд қилади” (Муттафақун алайҳ).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.

Аллоҳ таоло масжид қуриш ва уни обод этиш мана шундай улуғ савобли амал эканини чин қалбидан ҳис этган мухлис халқимизга ажру мукофотини кўпайтириб берсин, бу каби хайрли ишлар бардавом қилиб, юртимиз ва бутун дунёдан бало ва офатларни аритсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1402 марта ўқилди

Янгиликлар

Top