Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбек-афғон уламолари давра суҳбати муваффақиятли ўтди

Бугун, 21 май куни Афғонистон ислом республикаси делегациясининг юртимизга ташрифи доирасида Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Имом Термизийнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Афғонистон Ислом республикаси олий миллий ярашув кенгаши раиси маслаҳатчиси, Миллий бирдамлик партиясининг Шимолий ҳудудлар бўйича раҳбари Муҳаммад Муҳсин Донеш, Балх вилояти ҳаж ва вақф бошқармаси бошлиғи Маҳмуд Донешжу Муҳаммад Бунёд, Афғонистон шимолий ҳудудлари шиа мазҳаби уламолар кенгаши раиси Саид Муҳаммад Саид Муҳсин Ҳусайний, Афғонистон уламолар кенгаши аъзоси Абдулваҳҳоб Абдулбосит Пайғомий, юртимиздан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Диний идора раис ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев, Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Акмалхон Шокиров, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукурилло Умаров, шунингдек, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ўқитувчи ва талабалари, ОАВ вакиллари қатнашди.

Тадбирни Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукурилло Умаров кириш сўзи билан очиб, Термизий уламоларининг меросини ўрганишда тадқиқот марказининг аҳамияти ҳақида маълумот берди.

Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков сўзга чиқиб, икки мамлакат уламоларининг учрашуви қадим илмий анъананинг давоми эканини баён қилиб, “Имом Термизийнинг ҳадис илмига қўшган ҳиссаси” мавзуси маъруза қилдилар.
Кейин Муҳаммад Муҳсин Донеш сўзга олиб, муҳаддис олим Имом Термизийни нафақат ўзбек халқи, балки бутун башарият ифтихоридир” дея таърифлаб, Термизий уламоларининг ислом тамаддумига қўшган улкан ҳиссаси асрлар давомида дунё халқлари учун маънавий озуқа бўлиб, турли диний ихтилофлар юзага чиқишининг олдини олаётганини алоҳида қайд этди.

Шунингдек, Балх вилояти ҳаж ва вақф бошқармаси бошлиғи Маҳмуд Донешжу Муҳаммад Бунёд Имом Термизийнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси, олимнинг устоз ва шогирдлари ҳақидаги ноёб маълумотлар билан ўртоқлашди. У тарихдан Термиз шаҳрининг ислом тамаддунида кўприк вазифасини бажарганини, ушбу анъанани тиклаш йўлида ташкил этилган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий номидаги ўрта махсус ислом билим юртининг фаолиятини юқори баҳолади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев сўзга чиқиб, “Имом Термизий меросининг мазмун-моҳиятини очиб бериш, унинг тарбиявий аҳамиятини кенг ёйиш ҳамда халқларимиз, айниқса, ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, миллатараро тотувлик, яхши қўни-қўшничилик фазилатларини тушунтириш каби масалалар бугунги куннинг энг устувор вазифалари бўлаётгани, келгусида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, диний-маърифий мавзуларга бағишланган мулоқотларни кўпайтириш, Ислом динининг “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояларини кенг тарғиб этиш зарурдирлигини таъкидлади.

Тадбирда Ўзбекистон ва Афғонистон уламоларининг ўзаро илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, унда Термиздаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабалари ҳам сўзга чиқиб, таълим олишлари учун қилинган имконият ва шароитлар ҳақида гапириб беришди.

Давра суҳбати якунида Афғонистон ва Ўзбекистон диний соҳа вакиллари ўзаро эсдалик совғалар улашишди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1617 марта ўқилди

Янгиликлар

Top