Ўзбекистон янгиликлари

ИШИД таркибидан аёл ва болаларни қайтарган Ўзбекистонни халқаро ҳамжамият олқишламоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги ИШИДга қўшилган ўзбек аёллари ва уларнинг фарзандларини қайтариш амалиётини олқишлади.

Шу билан бирга, ИШИДнинг Сурия ва Ироқда қайта тикланишини камайтириш учун Ўзбекистон тажрибасига эргашишлари мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу ҳақда VOA – Америка овози ёзмоқда, деб хабар бермоқда Kun.uz.

«Улар ажойиб ишни амалга оширишди», - деган АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблум.

Мақолада эслатилишича, президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги ҳукумат 2019 йилда Сурия шимоли-шарқида жанговар ҳаракатларда иштирок этмаган ватандошларни қайтариш бўйича «Меҳр» амалиётини ўтказишни бошлаган эди. 2019 йил май ойидан буён 2 йил мобайниджа 435 аёл ва болалар, нафақат Суриядан, балки Ироқ ва Афғонистондан ҳам ватанга қайтарилди. Уларнинг 343 нафари 1-15 ёшдаги вояга етмаган болалардир.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ҳукумати хориждаги террорчи ташкилотларда қанча ўзбекистонлик борлигига доир маълумотни ошкор қилмайди, бироқ ўрганишлар, бу рақамларнинг минглаб эканини кўрсатади.

БМТнинг Ўзбекистондаги координатори Ҳелена Фрейзернинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг «мақтовга сазовор тажрибаси ва ҳамкорлиги» дунёнинг 56 мамлакатнинг 10 мингга яқин фуқароларини Суриядаги ИШИД таркибидан қайтаришда намуна бўла олади.

«Меҳр» амалиёти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг рўйхатига киритилган террористик гуруҳларга алоқаси бўлган аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш, репатриация қилиш, судга тортиш, уларни реабилитация қилиш ва ижтимоий тинч ҳаётга интеграциялашувининг асосий тамойиллари чиқарилиши билан бир вақтга тўғри келди», - деган Фрейзер VOA – Америка овозига сўзлар экан.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1354 марта ўқилди

Янгиликлар

Top