Ўзбекистон янгиликлари

Сардобадаги масжид обод бўлмоқда

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Искандар домла Ҳалилов Сардоба туманидаги “Алишер Навоий” масжидига ташриф буюриб, жоменинг қайта қуриш ишларини кўздан кечирди, масжид ходимлари, қурувчи ва ҳашарчилар ҳолидан хабар олиб, қурилиш бўйича ўз таклиф ва тавсиялар берди.

Шу кунга қадар масжид том қисми ёпилган, бинонинг ички сувоқ ишлари якунланган бўлиб, ҳозирда ташқи сувоқ ва ички пардозлаш ишлари қилинмоқда.

Маълумот учун, ушбу жоме масжид Сардобадаги сув омборида юзага келган фавқулодда ҳолат натижасида катта зарар кўрган эди. Орадан кўп ўтмасдан ҳудуддаги масжидларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳомийларни жалб қилган ҳолда, қайта қуриш ва таъмирлаш ишларини бошлаб юборганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги “Алишер Навоий” жоме масжиди қайтадан қуриш ишларини бошлаш маросимида иштирок этиб, унинг пойдеворига тамал тоши қўйиб берган эдилар.

Масжид қуришнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Усмон ибн Аффондан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассалам: «Ким Аллоҳ таоло учун бир масжид қурса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир уй қуради», дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”. Мана шундай савобли ишларга мухлис халқимиз масжидлар биноси қурилишида фаол иштирок этмоқда.

Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидларни тез кунларда бунёд этилиб, халқимизга муборак айлашини насиб этсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1379 марта ўқилди

Янгиликлар

Top