Ўзбекистон янгиликлари

«Asdaa Oman»: Сайёҳларни жалб қилишда Ўзбекистон етакчилардан бирига айланмоқда

Ўмон Султонлигининг «Asdaa Oman» газетасида «Диний зиёратгоҳларга сайёҳлар ва чет эллик меҳмонларни жалб қилиш бўйича Ўзбекистон дунёдаги етакчи давлатлардан бирига айланди» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Махсус репортаж рукнида эълон қилинган мазкур материалда Ўзбекистон зиёрат туризми салоҳияти, мамлакатда сўнгги йиллар туризм соҳасини ривожлантириш, сайёҳлик корхоналарига берилаётган эътибор ва имтиёзлар батафсил баён этилган.

Материалда ўзининг бой тарихи, маданияти, жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган олим ва мутафаккирлари, бетакрор маданий-маърифий мероси, кўҳна меъморий обидалари, пазандачилик ва халқ амалий санъатига эга бўлган Ўзбекистон зиёрат сайёҳлиги йўналишида ҳам улкан салоҳият соҳиби экани халқаро миқёсда эътироф этилиши таъкидланган.

Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мамлакатда сайёҳликнинг мазкур йўналишини ривожлантириш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

«Республика ҳудудида турли динларга оид маданий мерос объектларининг мавжудлиги Ўзбекистонда зиёрат туризмини кенг тарғиб қилишга, бу йўналишда хорижий сайёҳлар оқимини оширишга сабаб бўлаётган муҳим омиллар сирасига киради. Мамлакатдаги зиёрат туризми учун ҳар жиҳатдан мос келадиган жами 622 та маданий мерос объектининг 595 таси ислом динига, 19 таси насронийлик, 8 таси эса буддавийлик динига мансубдир», - деб ёзади муаллиф.

Ўзбекистон ҳудудида яшаб, ўзидан катта мерос қолдирган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбандий, Хўжа Абдуҳолиқ Ғиждувоний, бошқа машҳур аллома ва мутафаккирлар мақбаралари ислом динига эътиқод қиладиган кўплаб сайёҳларнинг диққат-эътибори марказида бўлган қадамжолар ҳисобланади.

Мамлакатда зиёрат туризмини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ўзининг амалий самараларини бермоқда. Бунга сабаб бўлаётган омиллар эса талайгина.

«Энг аввало, Ўзбекистонга зиёратчи сайёҳларни жалб қилиш бўйича қабул қилинган ҳужжатларга биноан, қатор мамлакатлар фуқаролари учун визасиз режимнинг жорий этилганини қайд этиш жоиздир, - дея таъкидлайди нашр. Бунинг натижасида 2018-2019 йилларда Ўзбекистонга Индонезиядан келган сайёҳлар сони 170%, Малайзиядан 158%, Туркиядан 154% ва БААдан 153%га ўсди.

Мақолада мамлакатда ҳалол туризм бўйича Сингапурда жойлашган жаҳоннинг нуфузли ташкилоти бўлган «Crescent Rating» агентлиги билан 2018 йилда яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилганига алоҳида эътибор қаратилган. «Crescent Rating» ва «Mastercard» ташкилотлари томонидан ҳар йили эълон қилинадиган «Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси» (Global Muslim Travel Index) рейтингида республика 32-ўриндан 22-ўринга кўтарилди ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида сайёҳларни жалб қилаётган «энг жозибадор» ҳамда «хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори» бўлган 10 та давлат қаторидан ўрин олди», - деб эътироф этади нашр.

Материалда қайд этилганидек, Ўзбекистонда туризм соҳасини янада ривожлантириш ва ушбу йўналишда хорижий мутахассислар тажриба алмашиш мақсадида 2019 йил 21-23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида I Халқаро зиёрат туризми форуми ўтказилди. Мазкур анжуманда 130 дан зиёд мамлакатнинг туризм ҳамда дин соҳаси олимлари ва мутахассислари иштирок этди. Тадбир якунида қабул қилинган «Бухоро декларацияси»да Ўзбекистон зиёрат туризми марказларидан бири сифатида эътироф этилди. 2020 йилда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) томонидан Бухоро «Ислом олами маданияти пойтахти» деб эълон қилингани муносабати билан онлайн шаклда илмий конференция ва мулоқотлар ҳам ўтказилди.

Муаллифга кўра, сўнгги йилларда хорижий мамлакатлардаги тасаввуф йўналиши вакилларининг Ўзбекистондаги «Етти пир» ва Нақшбандия тариқатига оид зиёратгоҳларга қизиқиши тобора ортиб бормоқда. «Малайзияда жойлашган «World Sufi Centre» жамияти билан биргаликда 2018-2019 йилларда анъанавий тарзда ўтказилган Нақшбандия фестивалига хориждан 500 дан ортиқ иштирокчи келди. Кейинги йилларда янада кўпроқ хорижий сайёҳни жалб қилиш мақсадида ушбу зиёратгоҳларда кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилди», - деб ёзади Ўмон газетаси.

Мақолада коронавирус пандемияси Ўзбекистон туризм соҳасига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатгани қайд этилди. «Ўзбекистон раҳбарияти томонидан пандемия шароитида мамлакатда туризм соҳасини ривожлантириш ва пандемия билан боғлиқ муҳитнинг юмшаши билан сайёҳларнинг ташрифини жадаллаштириш йўналишида тизимли ишлар олиб борилмоқда», - дея қайд этилади мақолада.
Нашрда виза тизими бекор қилинган қатор мамлакатларда тарғибот ишларини жадаллаштириш мақсадида «Ўзбекистоннинг туризм бренди элчиси» институти жорий этилгани атрофлича ёритилди. Унга мувофиқ, Софи Ибботсон (Буюк Британия), Махд Асри Заинал Абидин (Малайзия), Хасиб Ур Раҳмон (Покистон), Эко Шри Маргианти (Индонезия) туризм элчиси ва зиёрат туризм элчиси мақомига эга бўлди.

«Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда комил ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон туризмнинг барча йўналишларини ривожлантириш ва хорижий сайёҳларни жалб бўйича дунёда етакчи мамлакатлардан бирига айланмоқда», - деб ёзади «Asdaa Oman».

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1416 марта ўқилди

Янгиликлар

Top