Ўзбекистон янгиликлари

Ҳиротдаги Алишер Навоий мақбарасини Ўзбекистон обод қилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун туризм, шаҳар инфратузилмаси, саноат соҳаларидаги лойиҳалар ҳамда Алишер Навоий мақбарасини таъмирлаш ва тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди, деб хабар қимоқда “Дунё” АА.

Президентимиз буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий мақбарасини таъмирлаш ва тиклаш, унинг атрофини ободонлаштириш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратди.

Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги Алишер Навоий мақбараси мажмуасида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиб чиқиш вазифаси Президентимизнинг 2020 йил 19 октябрдаги “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган эди.

Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш доирасида мамлакатимиз мутахассислари афғонистонлик ҳамкасблари билан биргаликда мақбарани жойида ўрганди. Ўрганишлар натижасида анъанавий меъморчилик, санъат ва безак элементларидан фойдаланган ҳолда мақбарани таъмирлаш ва тиклаш лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Бугун тақдим этилган лойиҳага кўра, мақбаранинг кириш ва қолган йўлакларига Ҳазрат Навоийнинг ҳикматли сузлари битилган китоб кўринишидаги белгилар қўйилади ҳамда декоратив ўтиргичлар ўрнатилади.

Кириш қисмида саккиз бурчакли масжид бунёд этилади. Кириш пештоғидан ҳовли қисмининг чап ва ўнг томонида ёпиқ услубда айвонлар барпо этилади. Мақбаранинг ташқи кўринишига безак берилади. Гумбаз, мақбара олди ва ён қисмлари майолика элементлари билан ишланади. Мажмуа ҳудуди кўкаламзорлаштирилади.

Давлатимиз раҳбари лойиҳалар билан танишиб, мутасаддиларга уларни сифатли амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1384 марта ўқилди

Янгиликлар

Top