Ўзбекистон янгиликлари

Қатар ташқи ишлар вазири: Тўғридан-тўғри рейслар очилиши зиёратчилар оқимининг ўсишига хизмат қилади

Қатар Бош вазирининг ўринбосари - ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Жосим Ол Соний 9-10 июнь кунлари Ўзбекистонда бўлди. “Дунё” АА мухбири мазкур ташриф дастури ва ундан кўзланган мақсад, Ўзбекистон-Қатар ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида мамлакатимизнинг Қатардаги элчиси Баҳромжон Аълоев билан суҳбатлашди.

– Баҳромжон Жўрабоевич, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида икки давлат делегациялари ўртасида бугун бўлиб ўтган учрашув ва унинг Ўзбекистон-Қатар муносабатларини янада ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Бугун Ўзбекистон билан Қатар ўртасида муҳим идоралараро ҳужжат – Ҳаво транспорти тўғрисидаги битим имзоланди. Ҳужжатга Ўзбекистон томонидан ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Қатар томонидан эса Бош вазир ўринбосари - ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Жосим Ол Соний имзо қўйди.

Мазкур ташриф жавоб ташрифидир - жорий йил апрель ойида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Қатарга сафар қилиб, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни фаоллаштириш бўйича қатор амалий келишувларга эришилган эди.
Бугун имзоланган битим ушбу келишувларни ҳаётга тадбиқ этишда муҳим қадам бўлди. Ҳужжатда Ўзбекистон ва Қатар авиакомпаниялари томонидан яқин кунларда мамлакатларимиз пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри рейсларнинг йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

Қатарда мамлакатимиз тарихи, замонавий тараққиёти ва бой маданиятига қизиқиш ортиб бораётгани боис тўғридан-тўғри рейсларнинг очилиши, албатта, сайёҳлик алмашинувини фаоллаштириш ва сайёҳлар, жумладан, зиёратчилар оқимининг ўсишига хизмат қилади

Бундан ташқари, авиапарвозларнинг йўлга қўйилиши мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришга ҳам таъсир қилади.

– Ўзбекистон-Қатар ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан икки давлат ўртасидаги муносабатларда бурилиш юз бермоқда. Олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқот мустаҳкамланмоқда, делегацияларнинг мунтазам алмашуви йўлга қўйилди, биргаликда амалга ошириш учун инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда, маданий-гуманитар ҳамкорлик ривож топмоқда.

2016-2021 йилларда 70 дан ортиқ икки томонлама тадбир, жумладан, Доҳага 12 марта ва Ўзбекистонга 11 марта ташриф ҳамда ташқи ишлар вазирликлариаро сиёсий маслаҳатлашувларнинг иккита раунди ташкил этилди.
2021 йилнинг ўтган даврида мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 8,2 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Таққослаш учун, 2020 йилнинг охирида бу кўрсаткич 12,5 миллион долларга тенг бўлган. Ўзаро савдонинг ўсиши кузатиляпти, унинг таркибида экспорт сезиларли даражада устунлик қилмоқда.

Тошкент ва Доҳа ўртасида Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришиш йўлида самарали ва конструктив ҳамкорлик йўлга қўйган. Қатар раҳбарияти Ўзбекистоннинг ушбу йўналишдаги позицияси ва ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватламоқда. Қатар, шунингдек, мамлакатимиз халқаро ташаббуслари, республикада амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва демократик ўзгаришлар, бизнес ва инвестиция фаолияти учун яратилаётган қулай шарт-шароитларга ижобий муносабат билдириб, ҳаётнинг барча жабҳаларидаги ижобий ўзгаришлар жараёнини олқишламоқда.

Қатарликлар ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятига катта ҳурмат билан муносабатда бўлади. Жумладан, Қатар ислом санъати музейида Темурийлар ва Бобурийлар меросига бағишланган алоҳида бўлимлар, Қатар миллий кутубхонасида буюк мутафаккирларимиз Имом Бухорий, Муҳаммад Хоразмий, Абу Али Ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва Аҳмад Фарғоний асарлари сақланаётгани бунинг ёрқин далилидир.

– Сўнгги йилларда эришилган натижалар, албатта, катта эътиборга лойиқ. Ҳамкорликнинг истиқболлари, яқин келажакка белгиланаётган режалар ҳақида ҳам тўхталсангиз.

– Қатар Бош вазирининг ўринбосари - ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Жосим Ол Сонийнинг бугунги ташрифи Ўзбекистон-Қатар муносабатларининг фаоллашувига янги туртки бериши шубҳасиз.

Яқин кунларда ўтказиш учун кўплаб тадбирлар тайёрланмоқда. Хусусан, Доҳа билан сармоявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик янада фаоллаштирилади. Ушбу йўналишда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилигидаги делегациянинг Қатарга сафари режалаштирилмоқда. Бўлажак ташриф доирасида Қaтар раҳбарияти, ушбу мамлакат бизнес ҳамжамияти вакиллари билан қатор учрашувлар, шунингдек, бизнес-форум ва Савдо-иқтисодий, илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказиш кўзда тутилмоқда.

Қатар томони ушбу воқеага катта аҳамият бериб, унинг натижалари савдо – иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш учун муҳим ҳисса бўлиб қўшилади, деб ҳисобламоқда.
Маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш борасида ҳам аниқ режалар мавжуд. Айни пайтда икки мамлакат илмий-тадқиқот институтлари, шунингдек, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва Қатар Миллий кутубхонаси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Тез кунларда Қатар жамғармаси билан биргаликда Доҳада Ўзбекистон халқ амалий санъати кўргазмаси ва фотокўргазма ташкил этилади.

Бундан ташқари, таълим соҳасидаги муносабатларни фаоллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, Қатар университети ва Ўзбекистон олий ўқув юртлари ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш борасида келишувларга эришилган.

– Жаноб элчи, мазмунли суҳбат учун раҳмат!

Наргис Саидалиева суҳбатлашди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1332 марта ўқилди

Янгиликлар

Top