Ўзбекистон янгиликлари

«Шоҳ Машраб ихлосмандлари» китоби тақдимот қилинди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан таниқли шоирлар Жамолиддин Муслим ва Носиржон Юсуповнинг «Шоҳ Машраб ихлосмандлари» номли китоби тақдимоти ўтказилди.

ЎзА хабарига кўра, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Мирзо Кенжабек, шоир Сирожиддин Рауф ва бошқалар тақдимоти ўтказилаётган китобнинг мазмун-моҳияти ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Муаллифлар китобни тўплаш, ёзиш ва чоп этиш машаққатлари ҳақида гапирди.

Наманганлик маърифатли зиёкор Юсуфхон Алихонов ҳақидаги мазкур китоб ўқувчининг тафаккури юксалишида, ёшлар тарбиясида алоҳида аҳамиятга эгадир. Чунки Юсуфжон Алихоновнинг босиб ўтган умр йўли ибратли ҳаёт мактабидир.

Бинобарин, китоб қаҳрамони мумтоз адабиётимиз намоёндаларининг чин ихлосмандидир, десак муболаға бўлмайди. Хусусан, асарда Шоҳ Машраб ижодига бўлган эҳтиром кўрсатилган. Шунингдек, Наманган тарихи, унда етишиб чиққан алломалар, шоирлар, асори атиқалар тўғрисида маълумот бериб ўтилган. Бу эса юртимиз тарихига қизиқувчилар учун муҳим манба вазифасини ўтайди.

– Китоб асосан уч қисмдан иборат, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Жамолиддин Муслим. – Биринчи қисмида – қаҳрамонимизнинг ҳаёти, фаолияти, ижодий гурунглар, иккинчи қисмида – «Машраб издошлари» гурунгги аъзоларининг ижодларидан намуналар, учинчи қисмида – у киши билан олиб борган изланишларимиз, Намангандаги тарихий ёдгорликлар, улуғ алломалар ҳақидаги маълумотлар ўрин олган. Китобимизни тасаввуф илмини мустаҳкам эгаллаган устозларимиз юқори баҳолашяпти. Бундан ижодкор сифатида мамнунман.

Китоб «Олтин нашр» нашриёти томонидан 2000 нусхада чоп этилган. Унда «Шоҳ Машрабнинг Нурота сафари», «Баҳри тавили Машраби шаҳид», «Яқин ўтмишда Наманган», «Хасти Лангар зиёратгоҳи», «Тарих тилга кирганда» номли қатор мақолалар, хотиралар берилган.

Эслатиб ўтамиз: Жамолиддин Муслимнинг ҳозиргача «Кўкка ўрлаётган изтироб», «Қалб истеҳкоми», «Муҳаббатли манзиллар», «Шаффоф булоқлар», «Тўкилмас япроқлар» каби шеърий тўпламлари китобхонлар эътиборига ҳавола этилган.

Тақдимотда сўзга чиққанлар мазкур тўпламнинг энг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтишди. Бу каби улуғ аждодларимиз, буюк тарихимиз ҳақида сўзловчи асарлар халқимиз учун, ёшларимиз учун кўпроқ кераклиги хусусида таъкидлашди.

– Машраб ҳақида чала, узуқ-юлуқ гаплардан воз кечиш вақти келди,– дейди шоир Мирзо Кенжабек. – Китоб билан танишар эканман, унда Машраб шахсиятига тўғри баҳо берилгани, муаллифларнинг тасаввуф илмидан чуқур хабардор эканлигидан мамнун бўлдим. Тўғри, китоб тарғибга муҳтож эмас, аммо фойдали, кишиларга маърифат уруғини сочувчи китобларни тарғиб қилиш фойдадан холи эмас.

Муаллифлар йиғилганларга «Шоҳ Машраб ихлосмандлари» китобини улашишди. Тадбирда Машраб назмига мурожаат этилиб, ғазаллари шарҳланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1561 марта ўқилди

Янгиликлар

Top