Ўзбекистон янгиликлари

Мир Араб олий мадрасаси 57 нафар илк битирувчисига оқ фотиҳа берилди

Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йили Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилиб, унга илк бор талабалар 2017-2018 ўқув йилида қабул қилинган эди.

Шу йил 18 июнь куни ушбу олий таълим муассасаси биринчи қалдирғочларининг “Хатмона – 2021” битирув тадбири бўлиб ўтди. Унда Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Эркин Мажидов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев, Диний идора ходимлари, Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов ҳамда олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Э.Мажидов сўзга чиқиб, талабаларга келгуси ҳаётига муваффақиятлар тилади. Шунингдек, Ў.Ҳасанбоев меҳмон ва тадбир иштирокчиларига Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг битирувчи талабаларга йўллаган табрикларини ўқиб эшиттирди.

Шунингдек, сўзга чиққан нотиқлар таълим муассасаси битирувчилари, ўқитувчи, раҳбар ва ходимларни ушбу унутилмас кун билан табриклаб, илк қалдирғочларларга келажакда халқимиз учун самарали хизмат қиладиган ходимлар бўлиб етишини тилади.
Тадбирда иштирок этган ота-оналардан баъзилари таълим муассасаси раҳбарияти ҳамда дарс берган устоз-мураббийларга ўзларининг ташаккурларини билдирдилар.

Шу билан бирга, Мир Араб олий мадрасасининг биринчи битирувчилари “Хатмона” тадбири билан қутлаш учун дунёнинг турли жойларидан табрикномалар келмоқда. Жумладан, Мирс Араб Республикасининг “Ал-Азҳар” университети олими Жамол Ҳошимий, Туркиялик таниқли олим Доктор Ҳамза Бакрий, Туркиядаги “Мужаддид Маҳмуд афанди” Вақф фонди раҳбари Муҳаммад Кескин хўжа афанди каби бир қанча уламолар табрик йўллашди.

Маълумот учун, шу йил Мир Араб олий мадрасасини 2017-2021 йилларда таълим олган 57 нафар талаба тамомлади. Ушбу битирувчилар юртимиздаги жоме масжидларда имом-хатиб, имом-ноиби, диний таълим муассасаларида ўқитувчи-мураббий, ишчи-ходим бўлиб иш билан таъминланади.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1533 марта ўқилди

Янгиликлар

Top